UzAuto Motors компанияси 2021 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида етказилиши кутилган автомобиллар 2 ойга кечиктирилишини маълум қилди.

Компания автомобилни етказиб бериш бўйича илгари тузилган шартномаларга ўзгартириш киритишга мажбурлигини маълум қилди.

Унга кўра, UzAuto Motors компаниясига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар туфайли, яримўтказгичлардан тайёрланган бутловчи қисмлар етишмовчилиги ҳамда глобал логистика муаммолари сабабли, компания шартноманинг 3,1,1 бандини қўллашга ҳамда автомобилларнинг кутилаётган етказиб бериш муддатини 2 ойга узайтиришга мажбур бўлган.

Компания ушбу экстремал чора истеъмолчилар томонидан тўғри тушунилиб қабул қилинишига умид билдирган. Шунингдек, компания узоқ кутилган автомобилларни имкон қадар тезроқ етказилиши учун барча имкониятларни ишга солишини келтириб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин UzAuto Motors компанияси Chevrolet Captiva 5 автомобилини етказиб бериш бўйича бекор қилинган шартномаларнинг маблағларини қайтаришини ва компенсация амалга оширишини маълум қилганди.