Парижда қуролланган эркак икки аёлни гаровга олди

Парижда қуролланган эркак одамларни гаровга олди, деб хабар берди РИА Новости. Хабарга кўра, у Франция пойтахтининг 12-округида икки аёлни гаровда ушлаб турибди. Номаълум шахс адлия вазири Эрик Дюпон-Моретти билан учрашишни талаб қилмоқда.

Аниқлик киритилишича, ҳужумчи руҳий касалликдан азият чекади. Воқеа дўконда содир бўлган. Ҳозирда воқеа жойи қуршаб олинган, у ерга полиция қидирув ва тезкор бригадаси етиб келган.


Қирғизистон собиқ президент Акаевга нисбатан жиноий таъқибни тўхтатди

Қирғизистоннинг собиқ президенти (1991−2005) «Қумтор» олтин кони атрофидаги коррупцияда айбланаётган Аскар Акаев кеча эрталаб Москвага учиб кетди, деди жамоат арбоби Бекболот Талгарбеков. Унга кўра, Акаев иш доирасида кўрсатма берган. Унинг иштирокидаги барча тергов ҳаракатлари якунланди. Бу ҳақда АКИ press нашри хабар берди.

«Акаевга нисбатан жиноий иш бўлмаган. «Қумтор» иши бўйича Акаевга тегишли барча айбловлар олиб ташланган. Маълум бўлишича, у «Қумтор» лойиҳасидан бир цент ҳам ўғирламаган ва «Центерра»да бирорта ҳам акцияга эга эмас. Унинг учун ватанига йўл очиқ, Акаев исталган вақтда келиши мумкин. Бу сафарда Аскар Акаевга унинг ўғли Илим ҳамроҳлик қилган», — деди у.


Филиппинда тўфон қурбонлари сони 200 кишига етди

Филиппиндаги Rai тўфони 208 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда мамлакат полицияси маълумотларига таяниб Коммерсантъ хабар берди. 52 киши бедарак йўқолган, камида 239 киши жароҳат олган. Аввалроқ 169 қурбон ва 50 киши бедарак йўқолганлиги маълум эди.

Тўфон сўнгги йиллардаги қурбонлар сони бўйича энг йирикларидан бири бўлган. 2013 йилда тўфон оқибатида 7,3 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган. Тўфон Филиппин қирғоқларига 16 декабрь пайшанба куни етиб келди. Баъзи жойларда шамол тезлиги соатига 185 кмга етди. Тайфун ўтадиган ҳудудларда 100−150 га яқин Россия фуқаролари истиқомат қилади, деди Россиянинг Маниладаги элчихонаси консуллик бўлими бошлиғи Ярослав. Улар орасида қурбонлар бор-йўқлиги ҳозирча номаълум.


Нидерландияда омикрон туфайли локдаун эълон қилинди

Нидерландия ҳукумати Европа Иттифоқида биринчи бўлиб омикрон — коронавируснинг янги варианти тарқалиши сабабли локдаун жорий қилди. Мамлакатда 19 декабрдан 14 январгача умумий ўзини-ўзи изоляция қилиш тартиби амал қилади. Бу даврда ноозиқ-овқат дўконлари, барлар, ресторанлар, сартарошхоналар, музейлар, кинотеатрлар ва спорт заллари ишламайди. Мактаблар камида 9 январгача ёпилади. Маҳаллий аҳолига икки кишидан ортиқ одамни ўз уйига таклиф қилиш тақиқланади (Рождествода тўрттагача меҳмон таклиф қилиниши мумкин). Жамоат жойларида кўпи билан икки киши бўлиши мумкин — Медуза.


Турк лираси тарихий антирекордини янгилади

Турк валютаси душанба куни яна 6 фоизга тушди. Марказий банк асосий ставкани пасайтиргандан кейин бир доллар учун 17,38 лирагача кўтарилди. 16 декабрь Туркия Марказий банки асосий ставкани 15 фоиздан 14 фоизга туширишга қарор қилди.
Жорий йилнинг январь ойида бир доллар учун 7,4 лирага тенг бўлган. Шундан кейин турк пул бирлиги йил давомида 55 фоиздан кўпроқ арзонлашди, жумладан ўтган ойда 37 фоизга арзонлашди.

17 декабрь куни куни турк лираси курси 9 фоизга пасайиб, яна бир антирекордга — 1 доллар 17,14 лирага тушган эди. Жума куни регулятор янги тўғридан-тўғри валюта интервенцияларини ҳам эълон қилди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон асосий ставкани пасайтириш тарафдори ва бу инфляциянинг пасайишига олиб келади, деб ҳисоблайди. У 2019 йил июлидан буён Марказий банк раҳбарини уч марта, 2021 йил ноябридан эса икки марта — Молия вазирини алмаштирган. Аввалроқ, Туркиянинг асосий мухолиф партиялари етакчилари Эрдўғонни иқтисодий қобилиятсизликда айблаб, муддатидан олдин сайловлар ўтказишга чақирган эди. Туркия раҳбари бу таклифни рад этиб, Туркияда президентлик ва парламент сайловлари режалаштирилганидек 2023 йил июнь ойида бўлиб ўтишини айтди — РИА Новости.