Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ўзининг Telegram-каналида вазирлик ходимлари эндиликда иш фаолияти давомида дўппи кийишни режалаштирганларини маълум қилди.Ватандошларни 8 декабрь — Конституция куни билан табриклар экан, вазир мазкур ташаббус орқали миллий анъаналарни тарғиб этишда намуна кўрсатиш мақсад қилинганини таъкидлади.

Вазир эълон қилган видеода вазирлик ходимлари — аёллар ва эркакларнинг бошларида дўппи билан меҳнат қилаётгани акс этган.

«Барча соҳа вакиллари, ижодкорлар, ватан фидойиларини, кўнгиллиларни ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга чақириб қоламан. Қомусимиз ҳимоялаган яна бир қадриятимизни ҳаётга қайтаришга шошилинг», — дея қайд этди Озодбек Назарбеков.