Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 декабрь куни «Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида»ги фармонга имзо чекди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Унга кўра, ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда — Республика комиссияси) ташкил этилади. Республика комиссияси бир ҳафта муддатда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида иқтисодиёт ва инвестиция комплексларига кирувчи вазирлик, идоралар, тижорат банкларининг масъул ходимларин ҳар бир туман ва шаҳарга бириктирилади, уларнинг иш жойи, ойлик иш ҳақи ва бошқа ижтимоий тўловларини сақлаб қолган ҳолда, бириктирилган ҳудудга бир йиллик хизмат сафарига юборилишини таъминлаш белгиланди.

Республика вакиллари туман (шаҳар) ҳокимининг биринчи ўринбосари билан бирга марказлар ҳамда ҳоким ёрдамчилари фаолиятига кўмаклашади. Ҳар куни битта маҳаллага чиққан ҳолда камида ўнта хонадонга шахсан ташриф буюриб, мавжуд ҳолатни ҳоким ёрдамчилари билан бирга ўрганади, аҳолига амалга оширилаётган давлат сиёсати ва ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиради, аниқланган муаммоларни жойида ҳал қилиш чораларини кўради.

Қайд этилишича, ҳар бир маҳалланинг «ўсиш нуқтаси»дан келиб чиқиб, етакчи тадбиркорлар ва ҳоким ёрдамчилари таклиф этаётган янги лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашади, маҳаллаларда аҳолининг кундалик эҳтиёжлари учун зарур бўлган хизматлар турларини ривожлантиради.

Туман (шаҳар) ҳокимлари ҳамда туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиб, уй шароитида деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, уруғчилик, кўчатчилик, гулчилик каби фаолият турларини йўлга қўйишга кўмаклашади. Туман (шаҳар) ҳокимлари билан биргаликда ҳудудга ажратилган маблағларнинг маҳаллалар кесимида тақсимланишини таъминлайди.

Ҳоким ёрдамчилари ўз вазифаларини амалга оширишда фойдаланадиган молиявий инструментларнинг 2022 йил учун манбалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратиладиган кредитлар — 10 трлн сўм;
  • аҳолининг бандлигини таъминлаш, уларнинг ўзини ўзи банд қилиши, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун ажратиладиган маблағлар — 1 трлн 218 млрд сўм, шундан:
  • Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан иш билан банд бўлмаган аҳолига тадбиркорлик қилиш ва ўзини ўзи банд қилиш учун субсидиялар, кредит ресурслари ва бошқа харажатлар учун — 785 млрд сўм,
  • иш билан банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга, тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка ўқишга йўналтириш учун — 210 млрд сўм;
  • Жамоат ишлари жамғармасидан ишсиз аҳолини ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш харажатлари учун — 222 млрд сўм;
  • Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан ажратиладиган субсидиялар — 50 млрд сўм;
  • ҳоким ёрдамчилари тавсиялари асосида маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун кўзда тутиладиган маблағлар — 250 млрд сўм;
  • «Саховат ва кўмак» жамғармаси, «Аёллар дафтари» жамғармаси, «Ёшлар дафтари» жамғармаси — 851 млрд сўм миқдорида.

Ҳоким ёрдамчиларининг ойлик иш ҳақи миқдори улар бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда қуйидагича белгиланмоқда:

  • хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 баравари миқдорида;
  • хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6,5 баравари миқдорида;
  • хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада — меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 7 баравари миқдорида.

Шу билан бирга, ҳоким ёрдамчиларига тўланадиган ўртача ойлик иш ҳақи миқдори номзоднинг ушбу лавозимга ишга қабул қилингунга қадар аввалги иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлган тақдирда етишмаган қисми уларни қўллаб-қувватловчи жамғарма ҳисобидан компенсация қилиб борилади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда тасдиқлайдиган ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги низомда қуйидагилар акс эттирилади:

  • бошқа ҳудудлардан келиб ишлаётган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида турар жой ижараси харажатлари учун компенсация тўлаш;
  • иш фаолиятида яхши натижаларга эришган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакилларини ҳар ой мукофотлаш;
  • ҳоким ёрдамчилари иш ҳақининг аввалги иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлган қисмини компенсация қилиб бориш;
  • ўз шахсий автомобилидан фойдаланаётган республика вакилларининг транспорт харажатлари, шунингдек, бир ойда бир маротаба доимий яшаш жойига темир йўл транспортида бориб келиши учун компенсация тўлаш;
  • йил якуни бўйича ўзига бириктирилган ҳудудда юқори натижаларга эришган республика вакилларига ва ҳоким ёрдамчиларига ипотека кредити асосида уй-жой харид қилиш учун уй-жой қийматининг 50 фоизигача субсидия тўлаш.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиши хабар қилинганди. Унда ҳоким ёрдамчилари эса 1 январда фаолиятини бошлаши айтилганди. Ҳар бир туман ва шаҳарга вазирлик ва банклардан ходимлар бириктилиши кўзда тутилган.