Декабрнинг иссиқ куниларидан сўнг 3 декабрь куни Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларига Кавказ ҳудудларидан антициклон кириб келади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет матбуот хизмати.

Қайд этилишича, қолган ҳудудлар эса иссиқ секторда бўлади. Республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, фақат Қорақалпоғистон ҳамда Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларининг баъзи жойларида бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 15−20 даражагача илиқ бўлади.

Эртага, 4 декабрь куни, Бухоро, Навоий вилоятларида кучсиз ёмғир ёғиши сақланиб туради, қолган ҳудудларда ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳарорат фони пасаяди ва кечаси 5−10 даража илиқни, кундуз куни 9−14 даража илиқни ташкил этади.

Якшанба куни салқин ҳаво массалари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади. Республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади, тоғли ҳудудларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Қорақалпоғистонда, Хоразм, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди.

Ҳаво ҳарорати шу куннинг меъёрий қийматларига нисбатан янада пасаяди ва кечаси 2−7 даража илиқни, кундуз куни эса 5−10 даража илиқни ташкил этади. Шимолда кечаси 3−8 даража совуқ, кундуз куни 0−5 даража совуқ бўлади.

Шанба ва якшанба кунлари кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин.