Fitch Rating агентлиги прогнозларига кўра, «Ўзбекгидроэнерго» АЖнинг кенг қамровли инвестиция дастурлари Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини мувозанатлаштиришга ёрдам беради.

Инвестиция дастурлари натижасида 2030 йилга бориб жами электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмида иссиқлик электр станциялари улушини 75 фоиздан камроқ даражагача қисқартириш имконини бериши таъкидланмоқда.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларининг қарийб 90 фоизи углеводородлар (асосан табиий газ ва кўмир), қолган 10 фоизи гидроэнергетика ҳиссасига тўғри келади. Ҳукумат энергетика саноатининг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш мақсадида газ билан ишлайдиган иссиқлик электр станциялари сонини камайтириш, шу орқали энергетика саноатида қайта тикланадиган энергия манбаларининг улушини оширишга интилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон 2018 йилги Иқлим бўйича Париж келишуви доирасида 2030 йилгача ЯИМ бирлигига нисбатан иссиқхона газлари (карбонат ангидрид, метан, азот оксиди) ажратилиши ҳажмини 2010 йилдаги базавий даражадан 35 фоизга камайтиришга ваъда берди. Ушбу мажбуриятларни бажариш учун ҳукумат хорижий халқаро инвестицияларни фаол жалб қилмоқда.

Ҳукумат томонидан табиий газ тарифларининг индексация қилиниши «Ўзбекгидроэнерго» молиявий профилини ҳам қўллаб-қувватлаши мумкинлиги айтилмоқда.

«Бироқ, «Ўзбекгидроэнерго»нинг асосан қарзлар ҳисобидан молиялаштириладиган агрессив инвестиция дастурини амалга ошириши операциялардан олинган маблағлар ялпи левериджи 2021−2024 йилларда ўртача 5,0х дан бироз пастроқ даражагача пасайишига (2020 йилда 2,9х), шу орқали корхона кредит кўрсаткичларининг сезиларли даражада ёмонлашишига олиб келиши кутилмоқда», — дея маълум қилган Fitch Rating.

Леверидж — бу инвестиция ёки лойиҳадан олинадиган даромадни ошириш мақсадида қарз маблағларини жалб қилиш. Операциялардан олинган маблағлар (ООМ) ялпи левериджи кўрсаткичи компания жами қарзларининг ООМга нисбати (масалан 5,0х — компания қарз мажбуриятлари ҳажми ООМга нисбатан беш баробар кўп) билан ўлчанади ва компаниянинг ўз қарз мажбуриятларини ООМ ҳисобидан қоплай олиш қобилиятини ифодалайди.

Агентлик кутилмаларига кўра, мамлакатда йирик ГЭСлар, шу жумладан, 2025−2026 йилларда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган Пском (400 МВт) ва Муллалак (150 МВт) ГЭСлари қурилиши учун жалб қилинадиган қарз маблағларига ҳукумат кафолатлари берилиши давом этади, бу эса 2021−2026 йилларда давлат томонидан кафолатланган қарзнинг улуши 90 фоиздан юқори бўлишига олиб келади.

Ҳукумат компаниянинг барча қарзлари бўйича давлат кафолатлари орқали уни мунтазам қўллаб-қувватлаши, шунингдек, компания яқин келажакда кафолатланмаган еврооблигацияларни жойлаштиришни режалаштирмаганлиги сабабли агентлик октябрь ойида унинг барқарорлик кўрсаткичини оширган эди (B+ дан BB- га).

Ноябрь бошида Ўзбекистон Иқлим бўйича Париж келишуви доирасида иссиқхона газлари ажратилиши ҳажмини камайтириш мажбуриятларини оширган, хусусан 2030 йилга бориб ЯИМ бирлигига тўғри келадиган иссиқхона газлари ажратилишини 35 фоизга (илгари кўрсатилган 10 фоиз ўрнига) камайтиришга ваъда берган эди.

Ўзбекистон шароитида иссиқхона газлари ажралишида асосий ҳисса энергетика — 76,3% ва қишлоқ хўжалиги — 17,8% соҳаларига тўғри келади.

2030 йилгача мамлакатда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 25 фоизини қайта тикланадиган манбалардан ишлаб чиқариш режалаштирилган.