Аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури ижросини самарали ташкил этиш ҳамда ипотека кредитлаш масалалари кўриб чиқилган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев ипотека учун бюджетдан ажратилган 1,1 трлн сўмлик субсидияларнинг 220 млрд сўми, яъни бор-йўғи 20 фоизи ишлатилганини маълум қилди.

Ҳозирда Республика бўйича 36 мингдан зиёд ижобий хулосаси бор оилаларга 900 миллиард сўмдан зиёд субсидиялар тўланмай турибди.

Шунингдек, йиғилишда вилоят ҳокимлари ва уларнинг уй-жой қурилиши бўйича ўринбосарларининг қурилиш бўйича пудратчи танлаш масалаcи ҳақида ҳам айтиб ўтилган.

«Вилоят ҳокимлари ва уларнинг қурилиш бўйича ўринбосарлари уй-жой қурилиши учун пудратчи танлашда 2−3 та ташкилот билан чекланмоқда. Нимага десанг, ҳаммаси ўзининг одами. Қани қонун устуворлиги, жазо муқаррарлиги?» — дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.

Шуларни инобатга олиб, кейинги йилдан давлат ҳисобидан бажариладиган қурилишларда коррупцияга қарши курашиш бўйича янги тизим яратилиб, бош прокурор ўринбосари бошчилигида республика штаби ва вилоят штаблари тузилади.

Унда қурилиш нархларини асоссиз ошириш, рақобатни бузиш, тасдиқланган лойиҳаларни ўзбошимчалик билан ўзгартириш ва таниш-билишчиликка йўл қўймаслик бўйича қаттиқ назорат ўрнатилиши белгиланди.

Мазкур воқеаларга иқтисодчи Отабек Бакиров телеграм-каналида ўз муносабатини билдириб, қурилиш бозорида рақобатлашадиган ўнлаб йирик компаниялар пайдо бўлмагунича буни ҳокимлар асло истамаслигини ёзди.

Унинг таъкидлашича, ҳар йилги қурилиш буюртмасини ўзаро боғланиб кетган 2−3та олигопол компаниялар ўзаро тақсимлаб, ҳазм қилишда давом этаверишади.

«Эътибор берсангиз, давлат раҳбари айтган ҳолат республика миқёсида ҳам шундай. Марказлашган буюртмаларни тендерсиз ёки ҳатто тендер билан ўзлаштирадиган доимий пудратчилар — 2−3та компания. Уларнинг номини санаш шарт эмас. Шунинг учун ўзбек қурилиш бозорига хорижий компанияларни киритиш вақти етди. Агар ҳақиқатдан ҳам айтаётган гапларимиз самимий бўлса, агар буни амалга оширишга сиёсий ирода шаклланиб улгурган бўлса, ўзбек қурилиш бозорининг йиллик ҳажми ёндош секторлар билан ҳисоблаганда 10 млрд доллардан ошади. Бу жуда катта бозор. Мана-ман деган халқаро компаниялар „жон“ деб кириб келади ва рақобатга киришади», дея келтирган иқтисодчи.

Унинг қўшимча қилишича, марказлашган ва ҳудудий миқёсдаги тендерларни ўтказишда ҳукуматни ва ҳокимларни бу жараёндан тўлиқ четлаштириш лозим. Шунингдек, тендерларда манфаатдорлар умуман қатнашмаслиги кераклиги айтилган .

«Ҳозирги шароитда ҳукумат таркибидаги қурилишга аффилланиб кетган вазирлар ва ҳокимлар ўзларига чатишиб кетган компаниялар фойдасига зид қарор қабул қилишини кутиш ўзи мантиқсизлик. Қолаверсаб хом-ашёдан тортиб тайёр маҳсулотгача ишлаб чиқариш занжири яратиш, қурилиш муддатини 30 фоизга, таннархни эса 20 фоизга камайтириш, қурилаётган лойиҳаларнинг камида 50 фоизида замонавий маҳсулотлар ишлатилиши каби вазифалар ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Бу мақсадларга ҳокимларга топшириқ бериш ёки қурувчиларга буюриш билан етиб борилмайди. Рақобат ва фақат рақобат қурилиш компанияларини бунга мажбур қилади», — дея ёзиб қолдирган иқтисодчи.