30 ноярбь куни президент Шавкат Мирзиёев Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро молия корпорациясининг устав капиталидаги қўшимча акцияларига обуна бўлиш тўғрисидаги қарорга имзо чекди. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ХТТБ ва ХМКнинг устав капиталларида мос равишда 91,92 млн долларлик 762 дона ва 12,78 млн долларлик 12 781 дона акцияларига обуна бўлиши кутилмоқда.

Ўзбекистонга таклиф этилган 80,45 млн АҚШ доллари миқдоридаги ХТТБ қўшимча акциялари бўйича тўловлар ушбу банк томонидан заруриятга қараб Жаҳон банки гуруҳининг аъзо-давлатлар олдидаги мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш мақсадида юбориладиган хабарномасига асосан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон томонидан ХТТБ ва ХМКнинг қўшимча акцияларини сотиб олиш учун тўлов графиги тасдиқланди.


Эслатиб ўтамиз, бундан олдин ХМК Ўзбекистон ҳукуматига мамлакат вилоятларида замонавий ва энергия жиҳатидан тежамкор 15 тагача мактабларни молиялаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш ва хизмат кўрсатиш учун хусусий операторни танлашда тендер ўтказишга ёрдам бериши ҳақида хабар берилганди.