Пойтахтнинг айрим туманларида яна чанг кўтарилиши кузатилди, аммо кучли шамол бўлмади. АҚШ элчихонасида жойлашган ҳаво тозалиги назорат станцияси Тошкентдаги ҳаво ифлосланиши даражаси 3 декабрь давомида бир неча марта кўтарилганини қайд этди.

Маълумотга кўра, Тошкент ҳавосининг ифлосланиш индекси 3 декабрь соат 18:00 ҳолатига кўра рекорд — 190 даражани ташкил қилди. АҚШ элчихонасининг назорат станцияси Тошкент хавосининг 150−160 даражада ифлосланишини 5 ва 6 декабрь кунларига прогноз қилган эди. Ушбу прогнозларга кўра, 3 декабрь куни пойтахт хавосининг сифат индекси 60−70 даражада бўлиши керак бўлган. Аммо 3 декабрь эрталаб соат 5 дан бошлаб пойтахт ҳавосининг сифати кескин тушиб кетган. Бироз вақт вазият барқарорлашиб, сўнг яна кескинлашган.

3 декабрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Экология қўмитаси бошқарма бошлиғи Азиз Калимбетов аввалроқ Ўзбекистонда 150 йил давомида биринчи марта кузатилган қумли бўронга сабаб чўлдаги қумларнинг шамол орқали кириб келиши бўлганлигини қайд этди.

Дов-дарахтлар Ўзбекистон бўйича 8%ни ташкил этади. Жаҳон стандартига кўра эса кўкаламзорлаштирилган майдонлар 30% даражада бўлиши лозим, — деди Азиз Калимбетов

Эслатиб ўтамиз, 4 ноябрь куни Тошкентда атмосфера хавосининг кўринувчанлиги 200 метрдан паст даражада кузатилиб, ҳаводаги нисбий намлик омили билан биргаликда чанг-ғубор ҳодисаси содир бўлган эди. 8 ноябрь куни Тошкент ҳавосидаги чанг миқдори нормал кўрсаткичга қайтган

Аввалроқ, Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида дам олиш кунлари ҳаво салқин бўлиши ва бироз ёмғир ёғиши эҳтимоли борлиги маълум қилинган эди. Шанба ва якшанба кунлари кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин.