25 ноябрь куни Турин политехника университети биноси олдидаги можаро натижасида 18 ёшли талаба вафот этгани ҳақида ёзгандик.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълумотларига кўра, ушбу университетнинг 1-курс талабалари Суннат ва Муҳаммадазизлар ўзаро ярашиб олишга келишган ва қўл беришган. Худди шу пайтда университетнинг 1-курс талабаси Самандар келиб, улардан ўзаро ярашиб олганини сўраган.

Воқеани кузатиб турган жабрланувчи Шерзод исмли яна бир талаба уларга яқинлашиб, Самандарни воқеага аралашмаслигини талаб қилган. Ёшлар можароси чиққан жойга Самандарнинг университет талабаси бўлмаган дўстлари Аббос ва Алимбек ҳам аралашган.

Оғзаки жанжал пайтида Шерзод Аббосни ҳақоратлаган, шундан сўнг, у Шерзоднинг юзига урган. Зарба оқибатида жабрланувчи воқеа жойида вафот этган. Экспертиза хулосаларига кўра, ўлимга бош мия ёпиқ жароҳати ва мия тўқималарига қон қуйилиши сабаб бўлган.

Қайд этилишича, воқеа иштирокчиларининг иккаласи ҳам 18 ёшда бўлган.

Гумонланувчи муқаддам судланганлиги маълум қилинди. Унинг сўзларига кўра, у талабани ўлдиришни истамаган. Мазкур ҳолат юзасидан Аббосга нисбатан Жиноят кодекси 104-моддаси 3-қисм «б» бандига (қасддан баданга оғир шикаст етказиш, натижада жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган ҳолат) асосан жиноят иши қўзғатилган.

Эҳтиёт чораси сифатида гумонланувчи қамоққа олинган. Унга 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин.