Ижтимоий тармоқларда Турин политехника университетининг 18 ёшли талабаси вафот этгани тўғрисида маълумот тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ушбу ҳолат ҳақида маълумот берди.

Хабарга кўра, 25 ноябрь куни тахминан соат 13.00 да Турин политехника университетининг дарвозаси ёнида бир нечта ёш йигитлар «орани очиқ қилиб олиш учун» учрашишган.

Пойтахт ИИББсининг «Газета.uz»га маълум қилишича, улар ўртасида юзага келган келишмовчилик натижасида А.Р. (18 ёш) исмли шахс Турин политехника университети талабаси Ш. Р. (18 ёш) жағига мушт туширган. Зарба натижасида Ш. Р. йиқилиб, ерга боши билан урилган ва етган шикастлар оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми («қасддан баданга оғир шикаст етказиш») бўйича жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи қўлга олиниб, тергов ишлари давом этмоқда, дейилади пойтахт ИИББси хабарида.