Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева БМТ Аёллар қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори ва Туркиядаги вакили Алия Ал-Ёсир билан учрашди.

«Алия хоним Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда гендер масалаларини ҳал этиш бўйича эришган натижаларига юқори баҳо берди», — деб ёзади Саида Мирзиёева ўзининг Telegram`даги каналида.

Саида Мирзиёева ва Алия Ал-Ёсир.

Таъкидланишича, Алия Ал-Ёсир Марказий Осиё мамлакатларидан келган қизлар учун ёзги мактаб яратиш ғоясини қўллаб-қувватлаган.

Шунингдек, у Ўзбекистонда БМТ Аёллар қўмитасининг ваколатхонасини очиш таклифини билдирган.

Маълумот ўрнида, БМТнинг Аёлларга нисбатан дискриминацияни йўқотиш бўйича қўмитаси Аёлларга нисбатан дискриминациянинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияга аъзо давлатларни назорат қилувчи мустақил экспертлардан ташкил топган. Қўмита бутун дунёдан аёллар ҳуқуқлари бўйича 23 нафар мутахассисни ўзида жамлаган.

Конвенцияни қабул қилган давлатлар қўмитага мунзатам равишда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маъруза тақдим этиб боришлари лозим. Қўмита эса ўзининг сессиялари давомида ҳар бир иштирокчи-давлат маърузасини кўриб чиқади ва якуний хулоса тариқасида ўзининг фикрлари ва тавсияларини беради.