Эндиликда Ўзбекистон Миллий гвардияси оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда, шунингдек, бутун мамлакат бўйлаб жамоат жойларида жамоат тартибини мустақил равишда таъминлайди. Бу ҳақда тегишли фармон Ўзбекистон президенти томонидан 29 ноябрь куни имзоланган.

Йил охиригача Миллий гвардияга ички ишлар органлари билан бир қаторда жамоат тартибини муҳофаза қилиш соҳасида содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатларини ҳам беришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилади.

«Миллий гвардия бўлинмаларининг мустақил хизматнинг янги босқичига ўтишини фармондаги долзарб масала сифатида алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур», — деди Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев «Ўзбекистон 24» телеканали эфирида ҳужжатни шарҳлар экан.

«Эндиликда Миллий гвардия зиммасига оммавий тадбирлар, боғлар, хиёбонлар ва йирик бозорларда жамоат тартибини муҳофаза қилишни бевосита ташкил этиш вазифаси юклатилди», — дея тушунтирди Миллий гвардия раҳбари.

Ҳужжатда, шунингдек, бир ой муддатда ҳудудларнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда жамоат тартибини сақлаш фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида 2022 йилда Наманган, Фарғона, Андижон ва Сурхондарё вилоятларидаги, 2023 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларидаги Миллий гвардиянинг ҳарбий қисмларида муддатли ҳарбий хизматни кенгайтириш бўйича асослантирилган таклифлар киритиш топширилган.

2022 йил 1 майга қадар бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ички ишлар органлари конвой фаолиятига конвой остидаги шахсларни электрон браслетлар орқали назорат қилиш тизими жорий этилади.

Маҳаллалардаги жиноятчилик ҳолати тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилишнинг электрон тизими яратилади, ҳудудларни автоматик равишда қизил, сариқ ва яшил тоифаларга бўлиш тартиби жорий этилади.

Ҳужжат билан профилактика инспекторларини уларнинг вазифа ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга жалб қилиш ҳамда фаолиятига асоссиз аралашиш тақиқланади.

2024 йил 1 сентябрдан эътиборан Тошкент шаҳар ички ишлар органлари, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб қолган ҳудудий ички ишлар органлари профилактика катта инспектори лавозимларига фақат олий юридик маълумотга эга бўлган ходимлар тайинланади.

Профилактика инспекторлари учун Ички ишлар вазирлиги Академияси сиртқи таълимига қабул қилинадиган ходимлар умумий сонининг камида йигирма беш фоизи миқдорида қабул квотаси ажратилади. 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб, фаолиятида юқори натижаларга эришган Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар органларидан иккитадан, қолган ҳудудий ички ишлар органларидан биттадан профилактика инспектори Департамент бошлиғи тақдимномасига асосан Ички ишлар вазирлиги Академиясининг сиртқи таълимига имтиҳонларсиз қабул қилинади ҳамда бепул ўқитилади.