Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ремдесивир, гидроксихлорохин, лопинавир / ритонавир ва интерферон каби препаратларнинг COVID-19 ни даволашда деярли таъсир кўрсатмаслигини маълум қилди.

«ЖССТ томонидан ўтказилган Solidarity („Бирдамлик“) клиник синовларидан олинган дастлабки натижалар шуни кўрсатдики, ремдесивир, гидроксихлорокин, лопинавир / ритонавир ва интерферондан фойдаланиш COVID-19 юқтирилганидан 28 кун ўтиб ёки касалхонага ётқизилганидан кейин рўй бераётган ўлим ҳолатларининг камайишига унчалик таъсир қилмайди ёки умуман фойда бермайди», — дея маълум қилди ЖССТ.

30 дан ортиқ мамлакатни қамраб олган Solidarity клиник тадқиқотларида беморларни ушбу дорилар ёрдамида даволашда кузатилган ўлим кўрсаткичларига таъсири, сунъий нафас олишнинг қандай кечиши ва касалхонада бўлиш муддатлари ўрганилди.

Аввалроқ, ССВ ремдесивирни COVID-19 касаллигини даволашда яхши натижа кўрсатаётган дори воситаларидан бири сифатида келтирган эди.

Шунингдек, АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ремдесивир дори воситаси Ҳиндистондан импорт қилинаётгани ва «Dori-Darmon» компанияси дорихоналарида 460 минг сўмдан сотилгани ҳақида маълумот берилди.