28 ноябрь куни Қирғизистонда Жогорку Кенеш (парламент) депутатлари сайлови бўлиб ўтди. Янги тизимга кўра, овоз бериш ҳам бир партиявий сайлов округида, ҳам бир мандатли 36 та сайлов округида ўтказилди, деб хабар бермоқда маҳаллий 24.kg нашри.

Таъкидланишича, сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинган, бироқ МСК тизимидаги техник носозлик кўпчиликда расман келтирилган рақамларнинг тўғрилигига шубҳа уйғотган, деб ёзмоқда нашр.

«Ата Мекен» («Ота макон»), «Реформа» («Ислоҳот»), «Социал-демократы» («Социал-демократлар»), «Азаттык» («Озодлик»), «Улуттар Биримдиги» («Халқлар бирдамлиги») партиялари етакчилари бирлашиб, умумий баёнот билан чиқишган.

Етакчилар «парламент сайловлари натижалари сохлаштирилгани» туфайли уларни тан олмасликларини маълум қилган. Сиёсатчилар Вазирлар Маҳкамасининг зудлик билан истеъфога чиқишини, шунингдек, «адолатли сайловлар» қайта ўтказилишини талаб қилмоқда.

«Бу сайловлар ҳақиқий эмас деб топилиши керак, акс ҳолда биз халқаро майдонда ўзимизни шарманда қиламиз», — деди «Улуттар Биримдиги» партияси раҳбари Мелис Мирзакматов.

Нашрнинг маълум қилишича, Қирғизистон МСК сайтида носозлик юз берган: маълумотлар хато билан эълон қилинган. Кейинроқ комиссия депутатларни сайлаш тизими бўйича иккита дастур — сайлов қутисидаги овозларни автоматик санаш тизими ва маълумотларни йиғиш ва уларни акс эттириш дастури ишлаб чиқилганини тушунтирган. «Аввалига сайтга нотўғри дастур юкланган», — деди МСК раиси Нуржан Шилдабекова.

Аввалроқ, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга уриниш тўхтатилгани ҳақида хабар берган эдик. Гумонланувчилар парламент сайловлари натижалари эълон қилинганидан сўнг «айрим сиёсий кучлар, жумладан, сайловда мағлуб бўлганлар кўмагига таяниб» Бишкекда оммавий норозилик намойишлари уюштиришни режалаштиргани айтилган.