Қирғизистонда ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уриниш бостирилди. Бу ҳақда жума куни республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (ГКНБ) матбуот маркази маълум қилди, деб хабар бермоқда маҳаллий 24.kg нашри.

Хабарга кўра, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги томонидан «бўлажак парламент сайловлари хавфсизлигини таъминлаш» бўйича олиб борилган ишлар давомида бир гуруҳ шахслар «барқарорликни бузиш мақсадида провокациялар уюштиришни режалаштирганликлари» ҳақида маълумот олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Жиноят кодексининг «ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олишга тайёргарлик кўриш» моддаси бўйича терговга қадар тергов ҳаракатлари бошланган.

Исми ва фамилияси ҳозирча эълон қилинмаган гумонланувчилар парламент сайловлари натижалари эълон қилинганидан сўнг «айрим сиёсий кучлар, жумладан, сайловда мағлуб бўлганлар кўмагига таяниб» Бишкек ҳудудида оммавий норозилик намойишлари уюштиришни режалаштирган. Улар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан тўқнашувлар келтириб чиқаришни ҳам мақсад қилгани айтилмоқда.

Қайд этилишича, ушбу режаларни амалга ошириш учун гумонланувчилар 1000 га яқин «тажовузкор ёшлар»ни жалб қилмоқчи бўлган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси иштирокчиларнинг яшаш жойлари ва улар ижарага олган офисларда тинтув ўтказилиб, ҳужжатли материаллардан ташқари ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар ва гиёҳванд моддалар топилганини қайд этди.

Ушбу иш доирасида 15 киши ҳибсга олинган. «Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, юқорида қайд этилган жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари аниқланиб, уларнинг қилмишларига ҳам тегишли ҳуқуқий баҳо берилади», — дейилади матбуот маркази хабарида.

Сайловлар 28 ноябрга белгиланган.