Қирғизистонда давлат тўнтариши тўхтатиб қолинди

Қирғизистонда ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уриниш бостирилди. Бу ҳақда жума куни республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (ГКНБ) матбуот маркази маълум қилди.

Хабарга кўра, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги томонидан «бўлажак парламент сайловлари хавфсизлигини таъминлаш» бўйича олиб борилган ишлар давомида бир гуруҳ шахслар «барқарорликни бузиш мақсадида провокациялар уюштиришни режалаштирганликлари» ҳақида маълумот олинган.

Исми ва фамилияси ҳозирча эълон қилинмаган гумонланувчилар парламент сайловлари натижалари эълон қилинганидан сўнг «айрим сиёсий кучлар, жумладан, сайловда мағлуб бўлганлар кўмагига таяниб» Бишкек ҳудудида оммавий норозилик намойишлари уюштиришни режалаштирган. Улар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан тўқнашувлар келтириб чиқаришни ҳам мақсад қилгани айтилмоқда — ТАСС.

Ушбу иш доирасида 15 киши ҳибсга олинган. «Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, юқорида қайд этилган жиноий гуруҳнинг бошқа аъзолари аниқланиб, уларнинг қилмишларига ҳам тегишли ҳуқуқий баҳо берилади», — дейилади хабарда.


Истанбулда полиция аёллар намойишини тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланди

Истанбулда аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш учун кураш куни муносабати билан намойиш ўтказилди. Унинг иштирокчилари аёлларга қарши жиноятлар кўпайиб бораётгани ва уларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётганига, шунингдек, Туркиянинг аёлларни ҳимоя қилиш бўйича Истанбул конвенциясидан чиқишига қарши чиқишди. Норозилик билдирувчиларни тарқатиш учун полиция кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Бу ҳақда Коммерсантъ хабар берди.

Акциялар бутун Туркия бўйлаб, жумладан Анталия, Бурса, Диярбакир, Измир, Муғла шаҳарларида ўтказилди. Истанбулда бир неча ўнлаб аёллар кўчага чиқди. Улар «Жим эмасмиз, қўрқмаймиз, итоат этмаймиз», «Аёллар биргаликда кучлидир» каби шиорлар билан чиқишди. Намойишчилар аёллар меҳнатининг эксплуатацияси, зўравонликнинг кучайиши ва «уларнинг ҳаётига аралашиш»га қарши чиқишди.


Россиянинг Кузбасс вилоятидаги конда юз берган фалокатда ҳалок бўлганлар сони 52 кишига етди

Кузбассдаги «Листвяжная» конида юз берган фавқулодда ҳодиса натижасида 52 киши ҳалок бўлди, дея хабар берди Интерфакс. Хабарда айтилишича, ҳалок бўлганлар орасида олти нафар қутқарувчи ва кончилар ҳам бор.

Қайд этилишича, ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги ис газидан вафот этган.

Ушбу факт бўйича Россия тергов қўмитаси РФ Жиноят кодексининг 217-моддаси 2-қисми (хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги талабларини бузиш, эҳтиётсизлик натижасида одам ўлимига олиб келган) бўйича жиноий иш қўзғатди. Вилоят прокуратураси томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан текширув ўтказилди. Ҳозирда портлаш хавфи туфайли қутқарув ишлари эрталабгача тўхтатилган.


Пекин туғилиш даражасини рағбатлантириш учун янги чораларни жорий қилмоқда

Пекин ҳукумати Хитой ҳозирда дуч келаётган демографик муаммолар фонида аёллар учун қўшимча бола парвариши таътиллари муддатини 30 кундан узайтирди, дейилади шаҳар ҳокимияти баёнотида.

Баёнотда қайд этилганидек, аёллар учун 98 кунни ташкил этувчи асосий туғруқ таътилидан ташқари қўшимча таътил 30 кундан 60 кунга оширилди. Бундан ташқари, бола уч ёшга тўлгунга қадар, ҳар бир эр-хотин ҳар йили қўшимча беш кунлик бола парвариши таътилини олишлари мумкин — РИА Новости.


Швецияда бош вазирликка сайланган илк аёл 7 соатда истеъфога чиқди

24 ноябрь куни Швеция бош вазирлигига биринчи марта аёл киши — Социал-демократик ишчи партияси раҳбари ва молия вазири Магдалена Андерссон сайланди. У Яшиллар партиясининг ҳукумат таркибидан чиқиш тўғрисидаги қарори боғлиқ бўлган Вазирлар Маҳкамасида бўлиниш туфайли етти соатдан кейин истеъфога чиқди. Бу ҳақда РБК нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Андерссоннинг истеъфоси парламент спикери томонидан маъқулланган. «Спикер Андреас Норлен бош вазир Магдалена Андерссоннинг истеъфога чиқиш ҳақидаги аризасини қабул қилди ва маъқуллади. Спикер вазиятни муҳокама қилиш учун партия етакчилари билан боғланади ва ҳукуматни шакллантириш жараёни ҳақида нутқ сўзлайди», — дейилади парламент баёнотида.

Ушбу ҳолат Швецияда тахминан олти ойдан бери давом этаётган ҳукумат инқирозининг давоми ҳисобланади. Бу мамлакат парламентида (риксдаг) бош вазир маъқуллайдиган кучларнинг мувозанати билан боғлиқ. Андерссон бошчилигидаги Социал-демократик партия ҳозирда риксдагдаги ўринларнинг учдан биридан камроғига (100) эгалик қилади, Яшиллар партияси эса 349 тадан атиги 16 та овозга эга. Шунга қарамай, Швеция ҳукумати ушбу икки партиянинг коалицияси асосида тузилган.