Ҳукуматнинг 24 ноябрдаги «Тошкент шаҳрида Италиянинг Пиза университети филиалини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ҳужжатга асосан филиалда геология бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрланади, геология йўналишида тадқиқотлар ўтказилади ва уларнинг натижалари амалиётга жорий этилади.

Филиалда таълим 2022/2023 ўқув йилидан кундузги шаклда ўзбек, инглиз ва рус тилларида контракт асосида амалга оширилади.

Битирувчиларга Пиза университети дипломи берилади.

Қабул парамертлари мутахассисларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб белгиланади.

Пиза университети (Università di Pisa) — Италиянинг Пиза шаҳрида жойлашган бўлиб, Европанинг энг қадимий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Унинг тарихи XI асрга бориб тақалади. Муассаса 1343 йилнинг 3 сентябрь куни университет мақомини олган. Факультетлар сони 11 та, талабалари эса 57 мингдан ортиқ.