22 ноябрь куни Ўртачирчиқ туман Халқ депутатлари Кенгаши (Тошкент вилояти) депутати, ЎзХДП туман Кенгаши раиси Феруза Бабашева депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилинди. Бу ҳақдаги қарор 22 ноябрь куни туман Кенгашининг сессиясида қабул қилинди.

Кенгаш мажлиси ёпиқ режимда бўлиб ўтди — журналист ва блогерлар мажлисга киритилмади. Халқ депутатлари Кенгашининг намунавий регламенти ҳамда Кенгаш доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомнинг 12-моддасига мувофиқ, сессиялар очиқ, ошкора ўтказилади ва оммавий ахборот воситаларида ёритилади. Зарур ҳолларда, Кенгаш ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Бундай қарор, агар таклиф кенгаш, доимий комиссиялар, партия ёки депутатлик гуруҳлари раҳбари — ҳоким томонидан киритилган бўлса, қабул қилиниши мумкин. Ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисидаги қарор Кенгаш депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмининг овози билан қабул қилинади.

«Газета.uz» аввалроқ Феруза Бабашева билан боғлиқ вазиятга батафсил тўхталиб ўтган эди. 9 ноябрь куни прокуратура уни «Агробанк» бошқарма бошлиғининг баёноти туфайли депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилиш тўғрисида тақдимнома киритди. Бир неча кундан кейин ижтимоий тармоқларда октябрь ойи бошида суратга олинган, депутат номаълум эркак билан тўшакда ётгани акс этган видеотасвирлар пайдо бўлди. У вилоят ички ишлар бошқармаси ходимларини таҳдид ва босим қилишда айблади.

Душанба куни Феруза Бабашева мажлисда «Агробанк» бошқарма бошлиғи Мухитдин Қиёмовнинг (илгари Тошкент вилояти прокурори ва Бош прокурор ўринбосари лавозимларида ишлаган) баёноти туфайли депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилинганини, бироқ ўз ваколатларини сақлаб қолганини маълум қилди. «Энди, агар [Мухитдин Қиёмов] ҳақорат қилинганини судда исботласа, жарима тўлайман», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, сессияда биринчи марта депутатлардан телефонлар тортиб олинган, бироқ у ўз мобил қурилмасини беришдан бош тортган ва унинг «овозсиз» режимни ёқиб қўйган. Бундан ташқари, сессияда суратга олиш тақиқланган. Йиғилишни ёпиқ таркибда ўтказиш ташаббусини Кенгаш доимий комиссияси раиси киритган.

Феруза Бабашева Мухитдин Қиёмовга нисбатан жавоб аризасини прокуратурага тақдим этганини, прокуратура эса мурожаатни ички ишлар органларига топширганини қайд этди.