Тошкентнинг Мирзо Улуғбек ва Бектемир туманида кучли таъсир қилувчи дориларнинг ноқонуний савдоси аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура Департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, «M. F.» МЧЖга қарашли дорихона сотувчилари С. С. ва М. М. лар 2 дона «Регапен» номли дори воситасини 50 минг сўмга сотган вақтида ушланган. Шунингдек, ушбу дорихонадан 161 дона «Зардекс», 56 дона «Регапен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Шу каби, «M.» МЧЖга қарашли дорихона сотувчилари С. М. ва С. Э. лар харидорга 4 дона «Регапен» номли дори воситасини 100 минг сўмга сотган вақтида қўлга олинди. Мазкур дорихонадан 62 дона «Регапен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Худди шундай, «N.» МЧЖга қарашли дорихона сотувчилари С. А. ва У. Э. лар 3 дона «Зардекс» номли дори воситасини 45 минг сўмга сотганлиги аниқланди. Ушбу дорихонадан 83 дона «Зардекс», 4 дона «Регапен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Июнь ойида пойтахтнинг Учтепа ва Чилонзор туманларида, август ойида Бектемир, Янгиҳаёт ва Чилонзор туманларида, сентябрь ойида Чилонзор ва Яккасарой туманларида кучли таъсир қилувчи дориларнинг ноқонуний савдоси аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.