1,1 млрд сўм миқдоридаги кучли таъсир қилувчи дориларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кирмоқчи бўлганлар аниқланди, дея хабар бермоқда Божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Мазкур ҳолат Давлат божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан ДХХ ва ИИО билан ҳамкорликда ўтказилган кўп босқичли тезкор тадбир давомида аниқланган.

Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида Mercedes-Benz Sprinter автомашинасининг юкхонасида бодринг солинган қоплар остида 9 та қопда ҳамда йўловчи ўриндиғи остидаги 1 та қопда жами 6076 та флаконда «Тропикамид» томчи дорилари яширилгани маълум бўлган.

Божхона қўмитаси қайд этишига кўра, мазкур дориларни қабул қилиб олиши лозим бўлган шахс ҳам қўлга олинган.

«Жиноий гуруҳ режасига кўра, мазкур дори воситалари кейинчалик шаҳар дорихоналари бўйлаб тарқатилиши лозим эди. Ушбу ҳолатда ҳуқуқбузарлардан олиб қўйилган „Тропикамид“ кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг умумий қиймати 1 млрд 93 млн 680 минг сўмни ташкил қилмоқда», дейилади хабарда.

Шунингдек пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги Lacetti автотранспорт воситаси белгиланган тартибда кўздан кечирилган. Машина салонида 500 дона флаконда «Тропикамид» кучли таъсир этувчи дори воситаси, 3 дона «Регапен» капсуласи, 0.32 гр гашиш ва 1 дона электрон тарози борлиги аниқланган.

Тезкор тадбирнинг навбатдаги босқичи Чилонзор туманида давом эттирилган. Унда, 2 нафар шахслар Қатортол кўчасида бошқа бир шахсга 503 дона кучли таъсир қилувчи модда — «Регапен» дори воситасини олди-берди қилишаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Умумий қиймати салкам 1,1 млрд. сўмлик кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.