19 ноябрдан «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун кучга кирди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Унга кўра, қонун билан Жиноят-ижроия кодекси, «Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида» ҳамда «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги қонунларга қўшимча киритилди.

Ушбу ўзгартиришлар туфайли эндиликда қонун билан Антикоррупция агентлиги ходимлари коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этилишини ўрганиш ва таҳлил қилиш учун жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз кириш, ҳужжатлар билан танишиш ҳуқуқига эга бўлди.

БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисидаги қонунда коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишда бошқа давлатларга ёрдам кўрсатадиган органлар қаторига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам киритилди.

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги ва «Прокуратура тўғрисида»ги қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга биноан Антикоррупция агентлиги коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари қаторига киритилди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши этиб қайта ташкил этилиши муносабати билан қонунчиликка тегишли нормалар киритилди.

«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар рўйхатига киритилди ва унинг шу соҳадаги ваколатлари белгиланди.

«Эндиликда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахслар ва уларнинг қариндошлари давлат ҳимоясида бўлади», — дейилади хабарда.

Бундай шахсларнинг ҳаёти ва соғлигига ҳақиқий таҳдидни, уларга нисбатан зўрлик ишлатилганини, мол-мулки йўқ қилинганлиги ёки шикастлантирилганлигини тасдиқловчи етарли асослар мавжуд бўлган тақдирда коррупцияга қарши курашишни амалга оширувчи органлар «Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, уларни ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриши шарт.

Шу билан бирга «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги ва «Парламент назорати тўғрисида»ги қонунларда Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тайёрланадиган Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маърузасини кўриб чиқиш тартиби белгиланди.

Унга кўра, Қонунчилик палатаси ва Сенат Миллий маърузани дастлабки тарзда кўриб чиқиб, фикр ва таклифлар ишлаб чиқади. Шунингдек, палата мажлисларида мажбурий равишда ҳар томонлама муҳокама қилади. Парламент палаталарининг Миллий маърузани кўриб чиқиш бўйича қабул қилган қарорлари агентликка юборилади.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашларга ҳокимлар раис этиб белгилангани ҳақида хабар берилганди.