Тошкент шаҳрида 20 ноябрь куни Марказий Осиёдаги энг йирик вакциналар сақланадиган совуқлик омбори ишга туширилди. Жаҳон болалар кунида БМТнинг Болалар жамғармаси UNICEF Марказий Осиёдаги энг йирик вакциналар омборини Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширди. Ушбу омбор сақлаш температураси турлича бўлган катта миқдордаги вакциналарни сақлашга мўлжалланган.

«Мазкур объектнинг очилиши ишончли эмлаш тизимини яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, мамлакатда оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича ҳукуматнинг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди», — дейилади UNICEF ваколатхонаси хабарида.

«Болалар саломатлиги ва касалликларнинг олдини олиш Ўзбекистон ҳукуматининг устувор йўналишларидан бири ҳисоблангани боис бундай масштабдаги совуқлик омборининг очилиши жуда ўз вақтида бўлди», — деди соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев. Ушбу омбор бутун миллий эмлаш дастури учун логистика марказига айланиб, вакциналарни етказиб бериш ва уларни бошқариш учун имкониятларимизни кенгайтиради".


Омбор деярли 1000 м² учта совуқлик камераси (2−8 ° C), ультрасовуқ совутгичлар (3000 л ҳажмли) ва музлатгич хоналар (40 м3) билан жиҳозланган бўлиб, иммунизация учун зарур материаллар сақланадиган 1000 м² қуруқ омборга ҳам эга.

Шунингдек, омборхона юкларни тез ва самарали бошқариш учун электр юк кўтаргичлар, док навеслари, текислаш платформалари ва кўтариш механизмлари билан жиҳозланган. Улар иккита электр тармоғига уланган ва узлуксиз электр таъминоти учун кучли заҳира дизель генераторига эга.

«Яхши ишлайдиган таъминот тизими ва совуқлик занжирига эга бўлиш самарали миллий иммунизация дастури учун жуда муҳимдир», дея таъкидлади UNICEF`нинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Афшан Хан. «UNICEF Ўзбекистоннинг бутун миллий тъминот тизими ва совуқлик занжири узлуксиз ишлашига ҳисса қўшадиган ҳамда минтақадаги бошқа мамлакатларга намуна бўла оладиган ушбу объект қурилишида кўмак берганидан мамнун».


2017 йилдан буён UNICEF Gavi — Вакциналар альянсининг молиявий ёрдамида Ўзбекистон бўйлаб жами 21 та вакцина омбори қурилишида ёрдам берди. Ташкилот совутгичли юк машиналари, вакциналар учун контейнерлар ва совуқлик камераларини етказиб берди, ходимларни ўқитиш ҳамда объектлар эксплуатацияси бўйича зарур қўлланма ва кўрсатмаларни ишлаб чиқишда кўмаклашди.

Қўллаб-қувватлаш қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • 21 та янги совуқлик омборхоналари (битта миллий, 14 та ҳудудий ва олтита туман миқёсида);
  • 17 та рефрижератор юк машинаси, 206 та микроавтобус (ҳар бир туман учун биттадан), 16 та седан ва 16 та SUV автомашиналар;
  • бирламчи тиббиёт муассасаларида ўрнатилган 2078 та совутгич;
  • туман даражасидаги санитария-эпидемилогия хизмати бўлинмалари учун 700 та музлатгич камералари;
  • эмлаш пунктлари учун 6930 та термосумкалар;
  • мобил эмлаш бригадалари учун 862 совуқлик контейнерлари;
  • республика омбори учун 10 та ультра совутгич жиҳозлари;
  • бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари учун 671 та совутгич ва 209 та музлатгич;
  • вакцина логистикаси бўйича ахборот тизими ва вакцинация пунктлари учун 2500 та IT-тўпламлари.

Республика омбори қурилишини Triumph Progress компанияси амалга ошириб, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Андижон, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ҳам 12 та ҳудудий омборларни қурди.

Корхона директори Тимур Кенжаев таъкидлаганидек, барча иншоотлар захира электр таъминоти тизимидан ташқари, ёнғин ва хавфсизлик сигнализацияси билан жиҳозланган бўлиб, бу вакциналарнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талаблари асосида ишончли сақланишини кафолатлайди.