18 ноябрь куни Бош прокуратурада кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда идора матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, ҳайъат йиғилишида мамлакатда қонунийликни таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳудудлар кесимида, аниқ рақам ва мисоллар асосида кўрсатиб берилди.

Қайд этилишича, йиғилишда прокуратура органларининг баъзи ходимлари томонидан содир этилган ножўя ва номуносиб хатти — ҳаракатлар, шу жумладан коррупциявий ҳолатлар ҳамда буларга имкон берган сабаб ва шарт — шароитлар кескин танқид қилинди.

Муҳокама натижасига кўра, фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйган ҳамда хизмат вазифаларига совуққонлик билан муносабатда бўлган 18 нафар ходимларга интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Шу билан бирга, ходимлар масъулиятини тубдан ошириш, прокуратура ходими деган номга доғ тушурувчи ножўя хатти — ҳаракатлар содир этмасликлари ҳақида қатъий огоҳлантирилган.

«Йиғилишда кўрсатиб ўтилган хато ва камчиликларга йўл қўймаслик, ходимлар томонидан ўз хизмат бурчига масъулият, садоқат ва ҳалоллик билан ёндашишларини ҳамда ҳар қандай қонун бузилишига, айниқса, коррупция ҳолатларига қарши муросасиз курашишларини таъминлаш борасида зарур чора — тадбирлар белгиланди», — дейилади хабарда.