Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаев Халқ депутатлари Ўртачирчиқ тумани Кенгаши депутати Феруза Бабашева билан содир бўлаётган воқеаларга муносабат билдирди.

«Ўрта Чирчиқ тумани Кенгаши депутати билан содир бўлаётган воқеалар афсуски бизда ҳали ҳам одамларни обрўсизлантириш йўлида ҳар қандай пасткаш ва ноқонуний усулдан фойдаланиш мумкинлигини кўрсатмоқда», — деб ёзди у.

Унинг таъкидлашича, бу қонун билан ҳимояланган шахсий ҳаёт дахлсизлиги тушунчасини амалда «0» қилишга уриниш бўлаётганини англатади. «Ва афсуски бу Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида янги Ўзбекистонда „Инсон қадри учун“ деган шиорга мос олиб борилаётган ислоҳотларга нисбатан тамомила зид ҳаракатдир».

Расул Кушербаевнинг фикрича, ким ва нима бўлишидан қатъи назар, одамни синдириш бундай усул билан уюштирилмайди.

«Шу ўринда жамият ва яқинлари олдида депутат қанчалик маънан жавоб бераётган бўлса, шахсий ҳаёт дахсизлигини бузган шахслар ҳам қонун олдида шунчалик жавоб беришлари шарт», — деб ёзди у.

«Сўнгсўз шуки, пасткаш эркаклари бор ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар ишлаётган жамиятнинг борлиги уятли. Эркакларни уятга қўйманг „фаришта эркаклар“!» дея сўзига нуқта қўйди Расул Кушербаев.

Эслатиб ўтамиз, 15 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда депутат Феруза Бабашева ва номаълум эркак акс этган интим мазмундаги фотосуратлар ва видеолар тарқалди.

Кейинроқ Тошкент вилояти ИИББ Бўстонлиқ тумани «Хумсон» маҳалласида дала ҳовлиларда ишратхона ташкил қилингани ва кунлик ижарага берилаётгани, 2 октябрь куни ИИБ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган текширув давомида хонадонда Ф.Б. (аёл) ва Д.Ш. (эркак) жинсий алоқада бўлаётгани аниқланганини хабар қилди.

Хабарда ҳозирда мазкур жараён акс этган видео тасвирнинг ижтимоий тармоқлардаги ўзаро ёзишмалар орқали тарқалганлиги ҳолати юзасидан қўшимча суриштирув ишлари олиб борилаётгани таъкидланган.