Daryo журналисти сўрови сабаб ўз жонига қасд қилиш ҳолати аниқланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов.

Маълум қилинишича, Daryo нашрининг Қашқадарё вилояти бўйича мухбири Отабек Қўлдошев 15 май куни Пастдарғом туманида 17 ёшли ўспирин бола интернетда авж олган тотализаторда (қимор ўйни дастгоҳи) катта миқдорда пул ютқазиб, бошқалардан қарз бўлиб қолганлиги сабабли ўз жонига қасд қилганлигини билдирган. Мухбир бу ҳақида батафсил маълумот олиш бўйича Бош прокуратурага мурожаат қилган.

Сўров бўйича дарҳол ахборотни тақдим этиш мақсадида Самарқанд вилояти прокуратураси билан боғланилганида бундай ҳолат расман рўйхатдан ўтказилмаганлиги маълум бўлган. Кейинроқ ушбу ҳолат бўйича ўрганиш ишлари ўтказилган.

Аниқланишича, 15 май куни Пастдарғом тумани, «Янгиобод» маҳалласида яшаб келган 18 ёшли ўспирин ўз уйнинг ёрдамчи хўжалик хонасида ўзини осиб, жонига қасд қилган.

«Бироқ, яқинлари бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар қилмасдан, шу куни маҳаллий урф-одатларни ўтказган ҳолда марҳум қабристонга дафн этилган», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан 7 июль куни Пастдарғом тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари бошланган. Ҳодиса ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ўз вақтида мурожаат этилмаганлиги юзасидан туман халқ таълими бўлими, ободонлаштириш бўлими, оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўлими ва ИИБга хизмат текширувлари тайинланди.

«Текшириш давомида „Daryo.uz“ сайтининг Қашқадарё вилояти бўйича муҳбири Отабек Қўлдошев томонидан билдирилган важлар тўлиқ ўрганилиши таъминланади», — дейилади хабарда.