2020 йил 23 ноябрда қабул қилинган қонунга мувофиқ, мамлакатда илк бор 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни сифатида нишонланмоқда. Ушбу сана муносабат билан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев соҳа ходимларини касб байрами билан табриклади.

«Аввало, сиз азизларни, сизлар орқали касаба уюшмаларининг миллионлаб аъзоларини мамлакатимизда илк бор нишонланаётган байрам — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман», — деб бошланади табрик мактуби.

Унда шунингдек, мамлакатда касаба уюшмалари тизимида 33 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотлар самарали фаолият кўрсатаётгани ҳамда 6500 дан зиёд ходим ва 300 мингга яқин фаоллар фидокорона меҳнат қилиб келаётгани қайд этилган.

Айни пайтда, касаба уюшмалари ўз сафида 5,5 млн нафардан зиёд аъзоларни бирлаштириб, уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда яқиндан ёрдам бериб келаётгани ҳамда сўнгги 5 йилда тизимда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилгани таъкидланган.

Корхона ва ташкилотларда йил давомида 1 нафар ишчи ва хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасига сарфланадиган ўртача маблағ миқдори 5 маротаба оширилди.

Маълум қилинишича, бу даврда Касаба уюшмалари федерацияси тизимида 14 та соғломлаштириш маскани қурилди, 5 таси реконструкция қилинди. Натижада бир йилда қўшимча равишда 34 минг нафар юртдошимизни тизимдаги санаторийларда соғломлаштириш имконияти яратилди.

Шунингдек, 593 мингга яқин ходимлар ва уларнинг оила аъзолари, 8700 дан ортиқ уруш ва меҳнат фронти фахрийлари санаторийларда соғломлаштирилгани, 1,5 млн нафардан ортиқ болаларнинг оромгоҳларда дам олишлари ташкил этилгани ҳам бу борадаги ишлар кўламининг кенглигидан далолат беради. Бундан ташқари, 788 мингдан зиёд ходимлар ва уларнинг оила аъзолари, 14 мингга яқин кекса авлод вакиллари ва 15 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилалар аъзоларининг республикадаги диққатга сазовор қадамжоларга саёҳатлари ташкил қилинди.

Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш мақсадида касаба уюшмалари томонидан 16 мингга яқин корхона ва ташкилотлар фаолияти ўрганилиб, аниқланган 61 мингдан зиёд камчиликлар бартараф этилиши таъминланди.

Табрикда соҳа ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижасида 14 мингга яқин ходимларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига 3,6 млрд сўмдан ортиқ маблағ ундириб берилганига ҳам эътибор қаратилган.

Қолаверса, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Касаба уюшмалари умумконфедерациясига аъзоликка қабул қилингани, Марказий Осиё давлатларининг турдош ташкилотлари билан келишувлар тузилиб, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани қайд этилган.

«Аёллар дафтари» билан ишлаш тизими орқали ўтган давр мобайнида мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар билан ҳамкорликда 6,5 млндан ортиқ хотин-қизлар билан мулоқотлар ўтказилиб, 900 мингга яқин хотин-қизларнинг муаммоларини ижобий ҳал этишда касаба уюшмалари давлатга мустаҳкам таянч бўлиб майдонга чиққани эътироф этилди.

«Бу ҳақда гапирганда, ўтган йили Касаба уюшмалари федерацияси ҳузурида ташкил этилган 1211 «ишонч телефони»га келиб тушган хотин-қизларнинг 100 мингга яқин мурожаатларида билдирилган масалаларнинг ҳал этилгани алоҳида таҳсинга лойиқ», — дейди президент.

Биз бундан буён ҳам бандликни таъминлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳаларида ижтимоий шериклик имкониятларини янада кенгайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатишга оид ташаббусларингизни қўллаб-қувватлаймиз, дейилади хабарда.

Шу билан бирга, корхона ва ташкилотларда ходимларнинг касбий, меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш тизимини янада кучайтиришни даврнинг ўзи тақозо этаётгани айтилган.

«Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган барча иш берувчилар ва раҳбарлар бутун дунёда тан олинган қуйидаги қоидага амал қилишларини истардим: ҳар қайси корхона ёки ташкилотда албатта касаба уюшмаси фаолият кўрсатиши ва раҳбарлар албатта улар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориши шарт. Шундагина жамиятимизда меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолатларининг олди олинади, ҳаётимизда ижтимоий адолат янада мустаҳкам қарор топади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг сўзларига кўра, инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш барча соҳаларда биз учун бош мақсадга айланаётган ҳозирги пайтда ҳаётнинг ўзи касаба уюшмалари олдига ҳам улкан вазифаларни қўймоқда.

«Ўзининг катта ва бой тажриба мактаби, шонли анъаналарига эга бўлган мамлакатимиз касаба уюшмалари уларни самарали ҳал этиб, Янги Ўзбекистонда янгича меҳнат муносабатлари шаклланиши ва равнақ топишига муносиб ҳисса қўшади, деб ишонаман», — дейилади унда.

Бу йўлда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касаба уюшмаларининг фуқаролик жамиятининг энг фаол институтларидан бирига айланишига кўмаклашиш учун бундан буён ҳам бор имкониятлар сафарбар этилиши қайд этилган.

«Сизларни бугунги қутлуғ айём — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, масъулиятли ва олижаноб ишларингизда янги-янги ютуқлар тилайман. Мана шундай қувончли кунларингиз кўп бўлсин, хонадонларингиздан ҳеч қачон тинчлик-хотиржамлик, файзу барака, бахт ва омад аримасин!», — дея якунланган президент табриги.