Uzbekistan Airports компанияси матбуот хизмати чоршанба куни ижтимоий тармоқларда тарқалган Тошкент аэропортида одамлар тўплангани акс этган видеоёзувлар бўйича изоҳ берди.

«Тошкент-Истанбул йўналиши бўйича Uzbekistan Airways рейсид учиш ниятида 200 га яқин киши аэропортга келди. Бироқ бу рейс жадвалда бўлмаган. Йўловчилар чипталарни Asia Luxe Travel орқали сотиб олишганини маълум қилишди», — дейилади хабарда.

Uzbekistan Airways вакилларининг маълум қилишича, сайёҳлик компанияси авиачипталар савдосини авиакомпания билан слотни (аэропортдаги парвоз учун ажратилган вақт) келишмаган ҳолда ташкил қилган. Дастлабки маълумотларга кўра, рейс учун 200 га яқин авиачипта сотилган, деб хабар қилди Uzbekistan Airports.

Сайёҳлик компанияси йўловчиларга сув тарқатди ва уларни меҳмонхонага жўнатиш учун транспорт ташкил қилди. Бироқ одамлар терминал биносини тарк этишдан бош тортдилар. Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ташаббуси билан захира ҳаво кемаси ажратилиб, парвозга йўловчиларни рўйхатга олиш бошланди, дейилади хабарда.

Uzbekistan Airways хабарига кўра, 227 нафар йўловчи рўйхатдан ўтган.

Asia Luxe Travel компанияси изоҳи

«Истанбулга учаётган рейс рухсат берувчи ҳужжатларни олиш жараёни чўзилиб кетгани сабабли ушланиб қолди», — дейилади Asia Luxe Travel компанияси изоҳида.

Туроператор меҳмонхоналаргача бепул етказиб қўйишни ташкил этди, компания вакиллари сув тарқатди, йўловчилар учун бепул тушлик ташкил этилди, дея қайд этди компания.

Истанбул самолёти маҳаллий вақт билан 20:30 да учиб кетди. Барча йўловчилар рейсдан жой олди, дея қўшимча қилди компания.

«Ноқулайлик учун чин дилдан узр сўраймиз», — дейилади хабарда.