Белградда (Сербия) бокс бўйича ўтказилаётган жаҳон чемпионатининг тўртинчи кунида Ўзбекистон терма жамоаси сафида уч нафар боксчи иштирок этди.

Рингга биринчи бўлиб америкалик Жамал Харвига қарши Миразизбек Мирзахалилов (-57 кг) чиқди. Ҳакамлар қарорига кўра, тенг курашлар остида кечган баҳсда ғалаба АҚШ вакилига насиб этди — 3:2.

Шу куни Лазизбек Муллажонов (+92 кг) ҳам ўз жангини ўтказди, унинг рақиби эронлик боксчи Пуриа Амири бўлди. Ҳарбийлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган Ўзбекистон вакили йирик ғалабани қўлга киритди — 5:0. Кейинги босқичда у англиялик Делишис Орьега қарши жанг қилади.

Тўртинчи куннинг кечки дастурида Асадхўжа Мўйдинхўжаев (-67 кг) ҳам рингга кўтарилди ва фаластинлик Аҳмад Ҳарарга ҳеч қандай имконият қолдирмади — 5:0. Ўзбекистонлик боксчи навбатдаги жангини Молдова ва Япония вакиллари жуфтлиги ғолибига қарши ўтказади.

5-кун тақвими

-52 кг: Шаҳобиддин Зоиров — Тамир Галанов (Сербия);

-92 кг: Мадиёр Саидрахимов — Владислав Смахликау (Болгария);

-60 кг: Абдумалик Холиқов — Жасин Лама (Македония);

-71 кг: Шаҳрам Ғиёсов — Асланбек Шимбергенов (Қозоғистон).