Америка Қўшма Штатлари Давлат департаменти душанба куни Ўзбекистонда якшанба куни бўлиб ўтган президентлик сайловлари натижалари бўйича баёнот берди.

Баёнотда айтилишича, АҚШ «Ўзбекистон халқининг 24-октябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловларида овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланишини қўллаб-қувватлайди».

Давлат департаменти Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссиясининг овоз бериш тинч ўтгани ва сайловчиларнинг юқори фаоллиги билан тавсифлангани ҳақидаги кузатувига қўшилди. Шу билан бирга АҚШ ЕХҲТ миссиясининг сайловлар ҳаддан ташқари чекланган сиёсий муҳитда ўтгани ва сайловнинг муҳим кафолатларига эътибор қаратилмагани ҳақидаги фикрларига қўшилишини таъкидлади.

Давлат департаменти Ўзбекистон ҳукуматининг ЕХҲТ-ДИИҲБ кузатув миссияси билан ҳамкорлигини маъқуллади ва ЕХҲТнинг сайловлар, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларни таъминлаш бўйича тавсияларини амалга оширишга чақирди.

«Биз Ўзбекистон ҳукумати билан ушбу ва бошқа кўплаб икки томонлама ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар бўйича ҳамкорликни давом эттириш тарафдоримиз», — дейилади баёнотда.

Президент сайлови арафасида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев 2019 йилги парламент сайлови якунларига кўра ЕХҲТ-ДИИҲБ миссияси томонидан мамлакат сайлов қонунчилигини такомиллаштириш бўйича 32 та тавсиялар киритилганини маълум қилган эди. Ўзбекистон 18 та тавсияни тўлиқ ва 3 та тавсияни қисман қабул қилган, 8 та тавсия кўриб чиқилмоқда.