21 октябрь куни Сенатнинг 20-ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди.

Хусусан, Солиқ кодексининг 483-моддасига 2021 йил 10 октябрдан 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйиш маҳсулотлари, картошка ҳамда музлатилган балиқни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, шунингдек уларни реализация қилиш бўйича айланмалар қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш бўйича қўшимча норма киритилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳужжат 19 октябрь куни Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган эди.

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоевнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, нархларни барқарорлаштириш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилади

Унинг сўзларига кўра, аҳолининг чорвачилик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш учун тиббиёт нормаларга кўра, 1,5 млн тонна гўшт, яъни ҳар бир киши учун йилига 42,8 кг гўшт талаб этилади. Жорий йилда 1,4 млн тонна гўшт ишлаб чиқариш режалаштирилган, бу 2020 йилга нисбатан 4 фоизга кўп.

«Бу миқдор аҳоли истеъмоли талабининг 93 фоизига тенг. Демак эҳтиёжнинг қолган қисми импорт гўшт ҳисобидан қопланиши керак», — деди у.

Эркин Гадоев импорт гўштнинг ўртача нархи 43,2 минг сўмни ташкил этишини, шундан 5700 сўм ҚҚСга тўғри келишини маълум қилди. Ички бозорда эса 18 сентябрь ҳолатига гўштнинг ўртача нарзи 62 минг сўмга тенг, бу эса 2020 йилга нисбатан 13 фоизга (55 минг сўм) қимматлаганини англатади.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Сенаторнинг таъкидлашича, картошка импортига ҚҚСни бекор қилиш ортидан бюджет — 76,5 млрд сўмни, савдо айланмасидан эса — 30 млрд сўм йўқотади. Агар гўштга қўлланидиган солиқ имтиёзини қўшиб ҳисобласа, бюджет 251,1 млрд сўм йўқотади.