24 октябрь куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган президентлик сайловларига бир қатор халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ташриф буюриб, сайлов жараёнларини кузатдилар.

МДҲ Кузатувчилар миссияси раҳбари, Бошқарув раиси Сергей Лебедев бўлиб ўтган президент сайловлари Ўзбекистон Конституцияси ва Сайлов кодекси талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда амалга оширилганини таъкидлади. Лебедевнинг сўзларига кўра, улар «рақобатбардош, эркин, очиқ ва ошкора бўлди, шунингдек, демократик сайловларнинг умумий эътироф этилган тамойилларига тўла жавоб берди».

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) Бош котибининг ўринбосари, ШҲТ кузатувчилар миссияси раҳбари Ерик Ашимов президентлик сайловини кузатиш таклифини «Ўзбекистон раҳбариятининг очиқлик, ошкоралик ва демократик сайловларни максимал даражада таъминлаш истаги» сифатида баҳолади. Таъкидланишича, ШҲТ миссияси Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги ва сайловларни ўтказиш амалиётини чуқур таҳлил қилди.

«Миссия Ўзбекистон президенти сайлови Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилиги талабларига ва мамлакат ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга мувофиқ ўтганини таъкидлайди. Миссия томонидан сайловининг қонунийлигига шубҳа туғдирадиган миллий қонунчилик нормалари бузилганлигини қайд этилмади. Ўзбекистон президенти сайловини ошкора, ишончли ва демократик тарзда ўтказилганинитан олади», — дейилади хабарда.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби Хусрав Нозири Ўзбекистонда президент сайловлари юқори сиёсий, ҳуқуқий ва ташкилий даражада ўтганини таъкидлади. У аҳолининг сайлов жараёнига фаол иштирок этишини алоҳида қайд этди. Унинг сўзларига кўра, сайловлар халқаро стандартлар ва меъёрларга тўла мос ҳолда ташкил этилган.

Аввалроқ, Россия Федерал Кенгаши қўмитаси раиси ринбосари Фарит Мухаметшин Ўзбекистонда президент сайловлари халқаро стандартларга мос ўтказилганини таъкидлаган эди. Унинг фикрига кўра, номзодлар илгари сурган дастурлар умуман олганда «ўзбек халқининг кутилмаларига жавоб беради».

ЕХҲТнинг махсус координатори Рейнхольд Лопатка Ўзбекистондаги сайлов жараёнининг яхшиланганини қайд этган. «Сизлар тўғри йўлдасизлар, лекин бу охирги қадам эмас, навбатдаги қадамларни ҳам қўйиш керак», — деди у. Шу билан бирга у айрим камчиликларга ҳам тўхталиб ўтган эди.

Рейнхольд Лопатканинг фикрига кўра, сайлов кампаниялари давомида президентликка номзодларнинг мулоҳазаларида катта фарқлар кузатилмаган.

«Австрияда номзодлар ўртасида рақобат ва кураш анча кучлироқ. Гарчи сиз сайланган президент бўлсангиз ҳам, бошқа номзодлар кампания давомида сиз ҳақингизда танқидий фикрлар билидириши мумкин. Бу менинг юртим ва Ўзбекистон ўртасидаги катта фарқ», — деган эди у.