Бугун, 21 октябрь куни Ўзбекистонга COVAX платформаси орқали 912 минг доза Sinovac вакцинаси олиб келинди. Бу ҳақда ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар берди.

«COVAX — ЖССТ, GAVI ва CEPIvaccines ва ЮНИСEФни бирлаштирган глобал ташаббус. ЮНИСЕФ вакциналарни сотиб олиш ва етказиб беришда етакчи роль ўйнайди», — дейилади хабарда.

Фото: ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси

ССВ ахборот хизматининг маълум қилишича, кеча Jurabek Laboratories МЧЖ қўшма корхонасида тайёрланган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 2 млн 755 минг 820 дозаси эмлаш учун топширилган.

Шундай қилиб, мамлакатда эмлаш жараёнларида фойдаланилаётган жами вакцина 34 млн 951 минг 358 дозани ташкил қилмоқда.

Улардан 1 млн 594 минг 480 дозаси AstraZeneca, 25 млн 933 минг 818 дозаси ZF-UZ-VAC2001, 720 минг 500 дозаси «Sputnik V», 3 млн 060 дозаси Moderna, 1 млн 726 минг 500 дозаси Pfizer/BioNTech, 1 млн 976 минг дозаси Sinovac вакцинасидир.

Эслатиб ўтамиз, 13 октябрь куни 200 минг доза, 20 октябрь куни 912 минг доза Sinovac вакцинаси олиб келинган эди.