Бугун, 13 октябрь куни Истанбул — Тошкент рейси билан Ўзбекистонга 200 минг доза Sinovac вакцинаси, шунингдек, 20 минг қути «Фавипиравир» дори препарати олиб келинди. Бу ҳақда ССВ ахборот хизмати хабар берди.

«Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида грант ёрдамига оид имзоланган битим асосида олиб келинган Sinovac вакцинаси мамлакатга келтирилган олтинчи вакцинадир», — дейилади хабарда.

Аввалроқ, вакциналар ва дориларнинг бу партияси дўстлик ва хайрихоҳлик белгиси сифатида Туркия томонидан Ўзбекистонга юборилиши ҳақида хабар берилган эди.

Шундай қилиб, Ўзбекистонга эмлаш жараёнларида фойдаланилаётган жами вакцина 28 млн 673 минг 528 дозани ташкил қилмоқда.

Улардан 1 млн 594 минг 480 дозаси AstraZeneca, 21 млн 958 минг 488 дозаси ZF-UZ-VAC2001, 720 500 дозаси «Спутник V», 3 млн 060 дозаси Moderna, 1 млн 200 минг дозаси Pfizer/BioNTech, 200 минг дозаси Sinovac вакцинасидир.

Эслатиб ўтамиз, 1 ноябрга қадар аҳолининг 70 фоизини эмлаш режалаштирилган.