21 октябрь куни Сенатнинг 20-ялпи мажлисида сенаторлар «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунни қайта кўриб чиқиш керак деган хулосага келди. «Газета.uz» қонун муҳокамаси вақтида нима сабабдан адлия вазири Русланбек Давлетов сенаторлар билан ўзаро баҳс-мунозарага киришгани ҳақида сўзлаб беради.

Қонун ҳақида

Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигида «ижтимоий тадбиркорлик» деган ҳуқуқий тушунча мавжуд эмас. Президентнинг алоҳида қарорлари билан нодавлат мактабгача таълим муассасалари, ногиронлиги бўлган шахслар учун маҳсулот ва ускуналар ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, руҳий касаллик ва ногирон беморларни парвариш қилиш билан боғлиқ тиббиёт соҳаси учун имтиёз ва преференциялар, жумладан, божхона ва солиқ имтиёзлари берилган.

Ҳозирга қадар бу имтиёзлар нафақат божхона ва солиқ имтиёзлари, балки инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни олиш шарти билан харидорга давлат мулки объектлари «нол» қийматида бериб келинган.

Адлия вазирлиги ишсизликка қарши курашиш, шунингдек, ижтимоий фойдали товарлар ва хизматлар ишлаб чиқариш учун рағбатлантирувчи восита бўлган ижтимоий тадбиркорликни ривожлантиришнинг долзарблигини қайд этди.

Бунинг учун ушбу соҳадаги хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда «ижтимоий тадбиркорлик» тушунчасини қонуний равишда белгилаш таклиф этилди.

Қонунчилик палатаси 2021 йилнинг январь ойидаёқ биринчи ўқишда қонунни қабул қилган эди. Ҳужжат билан амалдаги қонунчиликда белгиланган ўз ресурсларини ижтимоий соҳага йўналтирган корхоналарни аниқлаш мезонлари, ижтимоий соҳага инвестиция жалб қилганлик учун тақдим этиладиган имтиёз ва преференциялар ҳисобга олинган. Шунингдек, ижтимоий корхонани аниқлаш мезонлари ҳамда ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги шакллари ифодаланган.

Бундан ташқари, лойиҳада белгиланаётган тегишли мезонлардан бирига ёки бир нечтасига мос келганда, тадбиркорлик субъектлари ёки нотижорат ташкилотлар ижтимоий корхоналарнинг реестрига ижтимоий корхона сифатида кириши тартиби жорий қилинган эди. Бунда, тегишли мезонларга мос келиш билан бирга, ижтимоий корхоналар реестрига киритилган ижтимоий корхонага ўтган молия йилида олинган фойданинг камида 2/3 қисмини кейинги молия йили давомида ижтимоий корхона фаолиятига ёки ижтимоий лойиҳаларга реинвестицияга йўналтириши талаб этилади.

Қонун лойиҳаси тўлдиришлардан сўнг, 2021 йил август ойида парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга муҳокама учун юборилган эди.

Сенат томонидан қонуннинг рад этилиши


Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси, Наманган вилоятидан сенатор Бахтиёр Умаровга сўз берилди, у қонун юзасидан юқори палата муносабатини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, қонун 27 та моддадан иборат ва ижтимоий тадбиркорлик вакилларига бир қатор имтиёз ва преференциялар беришни назарда тутади. Бахтиёр Ғаниев қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган бир қатор нормалар мавжудлиги, хусусан, унда назарда тутилаётган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари амалдаги бошқа қонунларда белгиланган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига номувофиқлигини қайд этди.

Мисол учун, «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддаси ва «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонуннинг 38-моддасида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари белгиланган. Бироқ ундаги қуйидаги тоифалар «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунда кўрсатилмаган.

Жумладан, қонунда 14 ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз отага ёки онага, шунингдек кўп болали оилалар ота-оналари, Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ФВВ, Миллий гвардия, ДХХ қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар, пенсияолди ёшидаги шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар ва одам савдосидан жабрланганлар ўз аксини топмаган.

Қонуннинг 12-моддасида тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий корхона мезонларига мос келиши уларнинг солиқ ҳисоботларини ўрганиш орқали солиқ органлари томонидан аниқланиши, 17-моддасида олинган фойданинг камида 2/3 қисми ушбу қисмда белгиланган мақсадлар учун йўналтирилганлиги ижтимоий корхонанинг солиқ ҳисоботларига асосан аниқланиши назарда тутилмоқда, деди сенатор.

Бахтиёр Умаровнинг фикрича, бу келгусида амалиётда солиқ органлари томонидан ҳисоботларни қабул қилиш, ижтимоий корхоналар реестрига киритиш ёки реестрдан чиқаришда турли хил муаммолар ҳамда номувофиқликларни келтириб чиқариши мумкин.

Бундан ташқари, қонуннинг 15-моддасида меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган шахслар иш ҳақи миқдорини қонунчиликка кўра меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган миқдорда белгилаш, улар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш, шунингдек иш берувчи сифатида ўзининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш, меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда техника хавфсизлиги, экология, санитария ва гигиена соҳасидаги қонунчилик ва норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиш ижтимоий корхоналар мажбуриятлари сифатида келтирилган.

Худди шу нормалар «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддасида, қолаверса, Меҳнат кодекси ва бошқа амалдаги қонунчилик ҳужжатларида ҳам ўз ифодасини топган.

Шу муносабат билан сенатор амалдаги қонунларда мавжуд нормаларни такроран белгилаш қанчалик тўғрилигини ўрганиб чиқиш ҳамда ўзаро мувофиқлаштириш талаб этилади, деб ҳисоблайди.

Қонуннинг 17-моддасида солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилиши, давлат кўчмас мулк объектларини қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзли асосда ижарага бериш, соддалаштирилган молиявий ва солиқ ҳисоботлари, бепул реклама қилиш учун эфир вақти, нашр ёки реклама майдони ажратиш, давлат буюртмачиларига тўғридан-тўғри шартномалар бўйича ижтимоий товарларни реализация қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш ҳамда бошқа имтиёз ва преференциялар берилиши, 18-моддасида Вазирлар Маҳкамаси ижтимоий лойиҳаларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қайтарилмайдиган асосда субсидиялашни амалга ошириши белгиланган.

Ушбу имтиёз ва преференцияларни белгиловчи нормалар товар ва молия бозорларидаги рақобат муҳитига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши мумкинлигини инобатга олиб, мазкур нормаларни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, президентнинг давлат дастури тўғрисидаги фармони билан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиб, Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Ушбу Фармон талабларидан келиб чиқиб, ижтимоий тадбиркорлик билан боғлиқ муносабатларни алоҳида қонун шаклида эмас, балки ишлаб чиқиладиган Тадбиркорлик кодекси лойиҳасида кўзда тутиш масаласини ўрганиб чиқиш айни муддаодир, деди Бахтиёр Умаров.

Адлия вазирлигининг муносабати


Русланбек Давлетов. Фото: Абдулло Ëдгоров / «Газета.uz»

Адлия вазири Русланбек Давлетов гапини «ижтимоий тадбиркорлик» терминини тушунтиришдан бошлади.

Унинг сўзларига кўра, давлат ҳар доим ҳам аҳолининг эътиборсиз қолиб кетиши мумкин бўлган ижтимоий заиф қатламига ёрдам қўлини чўза олмайди. Шу каби ҳолатларда тадбиркорлар ҳам муҳтожларга ёрдам кўрсатиш соҳасида лойиҳаларни амалга оширмоқда.

«Бу ходим сифатида ўзи рақобатбардош кадр бўла олмаганлиги орқасида қийналаётганларни қўллаб-қувватловчи эгилувчан тизим. Давлат охиригача етиб бора олмагани учун 2000 йиллардан кейин бутун дунёда ривожланган тизим», — деди у.

Адлия вазирлиги раҳбари Муҳаммад Бангладешнинг камбағал қишлоқ аҳолисига кредит ажратадиган Юнус Grameen Bank ижтимоий ва тижорий муваффақиятли лойиҳаси учун 2006 йили Нобель мукофотига сазовор бўлганини ёдга олди.

БМТнинг сўнгги ҳисоботларида ҳам давлатларда бу борадаги қонунчиликдаги муаммолар тартибга солинмагани мазкур соҳанинг ривожланишига таъсир қиляпти дея таъкидлаган, деди у. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ҳам давлат бу соҳада қонунчиликни ривожлантириши, имконият ва имтиёзлар яратиб бериши керак деган таклифни беради.

Европа Иттифоқининг ўзида 16 та давлат бу борадаги қонунларни қабул қилган, 11 та давлатга шу соҳани ривожлантириш учун тезроқ қабул қилинглар деб тавсия берган, дея таъкидлади Русланбек Давлетов.

ИҲТТнинг 2016 йилги таҳлил натижасида 9 та давлатдан 871 млн одамни ижтимоий тадбиркорлик қамраб олганини кўриш мумкин. Австралиянинг ўзида мамлакат ЯИМнинг 2−3 фоизини ташкил қиладиган иқтисодиёт шаклланяпти.

«Бу соҳадаги жуда катта муаммо — мана шу қонун билан ишлайдиган сиёсатчиларнинг халқдан келиб чиқаётган янги ғояларни тушунмаётганининг орқасидан шунақа тушунмовчиликлар бўляпти. Шуни мен тушунтириб қўймоқчи эдим», — деди вазир.

Адлия вазирлиги раҳбари, шунингдек, сенатор Бахтиёр Умаровнинг ҳар бир аргументини рад этди. Қонун аҳолининг барча ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини қамраб олган. 6-моддада эҳтиёжманд аҳолининг айримлари «шу жумладан» деб санаб кетилган ва бу рўйхатни кўрсатилган пунктлар бўйича чекламайди.

«Бу («Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги ва «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги) қонунларнинг мақсади бошқа. Агар шу асосда бу қонун қайтса ҳам биз буни тўғрилай олмаймиз. Кексалар бўйича ижтимоий хизматни ёзадиган категория билан ижтимоий тадбиркорликдаги категория ҳар хил. Шунинг учун тўғрилаб бер, деса ҳам тўғрилай олмаймиз», — деди у.

«Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонунда Мудофаа вазирлиги қуролли кучлари сафидан кетганлар аҳоли бандлиги бўйича алоҳида қаралиши керак дейилган. Лекин биз у қонундаги категорияни бу қонунимизга кирита олмаймиз. Чунки армиядан кетганларни биз ижтимоий тадбиркорлик субъекти сифатида қарай олмаймиз-ку. Биронта жойда йўқ бу… Шунинг учун бу умуман асосга эга эмас», — дея таъкидлади у.


Тадбиркорларнинг ижтимоий корхона мезонларига мувофиқлигини аниқлашга ва даромадларнинг камида 2/3 қисмини белгиланган мақсадларга, жумладан реинвестиция қилишга имкон бермайдиган солиқ ва бошқа ҳисоботларнинг шаклига келсак, дея сўзида давом этди адлия вазири:

«Бу идора ҳужжати, уни тўғрилаймиз. Қонундан ёки иккита фармондан келиб чиқиб, 3 марта ўзгартиш киритилган. Бу ерга киритилган реинвестицияни ҳисоблаш механизмлари 20 йилдан бери шаклланган. Чунки жуда кўп соҳада реинвестиция киритиш мажбуриятлари бор», — деди у.

Русланбек Давлетов, шунингдек, ижтимоий корхоналар реестридан чиқариб ташлаш муайян компаниянинг тадбиркорлик фаолиятини чеклашга олиб келмаслигини, фақат «ижтимоий корхона» мақомини ўзгартиришга тўғри келишини таъкидлади. «Эртага муаммо бўлмайди, Танзила Камаловна», — деди у.

Айрим нормаларнинг такрорланиши масаласига тўхталар экан, вазир «қоида тариқасида» деган сўзни сенатор атайлаб ташлаб кетганини гумон қилди. У 20 йиллик тажрибасига таяниб, қонунчиликда айрим нормаларни такрорласа бўлишини қўшимча қилди.

«Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисидаги қонун ҳақида гап кетаётгандан кейин, корхона ҳақида гапирилаётгандан кейин унинг мажбуриятини бу қонунда ёзмасак, бошқа қонунлардан йиғиб-териб, уни кейин соҳадагилар тушуниши қийин бўлади. Мен ҳуқуқшунос сифатида кафолат бераман, бунга ўхшаган нормалар қонунчиликда жуда кўп», — деди у.

Имтиёз ва преференциялар ҳамда уларнинг рақобат муҳитига таъсири ҳақидаги аргументларга изоҳ бера туриб, Русланбек Давлетов улар алоҳида компанияларга эмас, балки соҳага берилишини қайд этди. Бу каби норма аллақачон Солиқ кодексида акс этганини қайд этди.

«Биз қанақадир алоҳида корхонага деб айтаётганимиз йўқ, соҳага беряпмиз. Яъни бу ногиронларни ижтимоий соҳада қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан энг асосий, мана шу қонуннинг юрагидаги нормаси бу. Агар давлат имтиёз бермайдиган бўлса, бу қонун ҳам керак эмас. Имтиёзлар бериш, қўллаб-қувватлаш, дастурлар, одамларни шунга жалб қилиб, стартаплар қилиш керак, осон кредитлар, субсидиялар бериш керак», — дея таъкидлади вазир.

Адлия вазирлиги раҳбари, шунингдек, Ўзбекистон қонунчилигида субсидиялар 15 та ҳолатда берилишини эслатиб, шу боис бу қонунчиликка зид эканлигини айтиш нотўғрилигини қайд этди.

«Хаттоки фермерларга суғоришда сув тежамкор технологиялардан фойдаланиш учун ҳам [1 гектарга] 8 млн сўмдан субсидия бериляпти. Қайтмайди бу пул давлатга. Агар шу мантиқдан борадиган бўлсак, унда ҳамма субсидия, имтиёзларни бекор қилишга тўғри келади-ку», — деб ҳисобламоқда у.

Давлетов Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисидаги пунктларни Тадбиркорлик кодексига киритиш борасида ҳам фикр билдирди.

«Биринчидан, Тадбиркорлик кодекси ҳали Ҳукуматга ҳам киргани йўқ. Унинг муддати декабрь деб белгиланган. Иккинчидан, бошқа чет эл давлатларида ҳам тадбиркорлик билан ижтимоий тадбиркорлик алоҳида кетади», — деди у.

Қолаверса, вазир «бу қонун муҳокамасини ҳеч қаерда кўрмаганини» таъкидлаб ўтди.

«Ногиронлар жамияти кутаётган қонунлардан биттаси… Кўзи ожизлар жамиятида, карлар жамиятида корхоналар бўлган. Шуни бир таҳлил қиладиган бўлсак, охирги 20 йил ичида умуман эътибордан четда қоляпти. Кўзи ожизлар жамиятида 2000 йилда 5000 одам ишлаган, ҳозир 1500 одам ишлаяпти. Карлар жамияти соҳасидаги корхоналарда 2000 одам ишлаган, ҳозир 176 одам ишлаяпти. Яъни 10 бараварга камайиб кетган», — деди Русланбек Давлетов.

Эркин Гадоев.

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев ва адлия вазири сенаторлар қарши чиққан имтиёзлар берилиши ва ижтимоий тадбиркорлик масаласида ўзаро баҳслашиб кетишди.

Русланбек Давлетов Европа Иттифоқи, Жаҳон банки, БМТ ва ИҲТТларга аъзо давлатлардан ҳам бу соҳани қўллаб-қувватлаш сўралаётганини яна бир бор таъкидлади.

Узоқ давом этган баҳс-мунозара вақтида томонлар бир-бирининг гапини бўлишга ўтишди. Спикерларни тинчлантириш учун вазиятга Сенат раиси Танзила Нарбаева аралашишига тўғри келди. У сенаторлар ва вазирни бир-бирини ҳурмат қилишга чақириб, «Сенат қайтарди дегани қонунни батамом йўқ қилди эмас», деди. «Бу қонун керак эмас, демаяпмиз. Бу қонунни мукаммаллаштириш керак», — дея қайд этди у.

Якунда томонлар биргаликда ҳужжатни такомилига етказишга келишиб олишди.