20 октябрь куни Сенатнинг 20-ялпи мажлисида Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор Рустам Жўраев бола асраб олаётган оилаларга бир қатор имтиёзлар бериш ва солиқлардан озод этишни таклиф қилди.

«Бу муаммолар бир кунда пайдо бўлмаган. Уни ечимини топиш ва ҳал этишга ҳам маълум муддат вақт кетади. Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчалари, Болалар уйлари, SOS болалар маҳаллалари ҳам болани ота-она меҳри билан ҳақиқий оила муҳитида тарбиялашдек тўлиқ имкониятни бермайди», — деди у.

Шундан келиб чиқиб, Миллий гвардия раҳбари ўз таклифларини билдириб ўтди.

«Биринчи навбатда болани меҳрибонлик муассасаларига топширишдан олдин маҳалла фаоллари, халқ таълими ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида болани ўз оиласида қолдириш ёки яқин қариндошига васийликка бериш чораларини кўришлари шарт», — деди у.

Таъкидланишича, бунинг имкони бўлмаган ҳолдагина фақат вақтинча 3 ойгача муддатга профессионал оилавий болалар уйига топшириб, шу вақт ичида, агарда бола етим бўлмаса, унинг отаси ёки онасига ёҳуд яқин қариндошларига керакли моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб, уларни оилавий шароитини яхшилаб, қайтариш лозим. «Бундай имконият бўлмаган тақдирда, тегишли комиссиялар томонидан яхшилаб ўрганилган оилаларга фарзандликка бериш чораларини кўриш керак бўлади», — деди у.

«Иккинчи навбатда, бундай тизимни яратиш билан бирга унга параллел равишда болани янги оиласини, ундаги муҳитни, боланинг руҳий ҳолатини ҳар томонлама қатъий мониторинг олиб борадиган комплекс тизимни яратишимиз керак. Жамиятда ижтимоий етимликни олдини олиш учун бундай хавф гуруҳига кирувчи оилаларни олдиндан аниқлаб, уларга манзилли ва мақсадли ёрдам кўрсатиш лозим», — деди Рустам Жўраев.

У шунингдек, оила томонидан асраб олинган болаларга тўловлар ва квартиралар берилмаётганини айтди.

«Болаларни фарзандликка олган оилаларга бериладиган тўловлар, имтиёзлар, компенсациялар тизимини кенгайтириб, айрим солиқларни озод этиш механизмларини такомиллаштириш керак. Бунинг ичида болага бериладиган тўловлар, квартиралар оила асраб олгач тўхтатилади», — деди у.

У бола асраб олиш муаммоларига тўхталар экан, оила болани ўзининг фарзанди деб қабул қила олмаётганини таъкидлади.

«Лекин нимага фарзандликка олиш кам деган масалани ўрганаётганимизда муаммо — тўловлар, имтиёзлар, квартиралар фарзандликка олинганидан кейин бунинг ҳаммаси тўхтатилади. Болага пул ҳам берилмайди, келажакда ҳаттоки квартира бериш ҳам йўқ. Албатта, янги ота-онада „бола вояга етганидан кейин мени мулкимга васийлик қилади“, деган фикр пайдо бўлади», — деди Миллий гвардия қўмондони.

Унинг фикрича, «фарзандликка олганга ҳам қандайдир пул тўловлари берилса, бола асраб олиш кескин кўпайиб кетади».

«18 ёшдан 30 ёшгача бўлган битирувчиларни яшаш жойлари бўйича маҳалласидаги «темир дафтар"лари рўйхатига киритиш ҳамда уларга нисбатан ижтимоий ҳимоя дастурларини мукаммал қўлланилишини таъминлаш лозим бўлади. Ўқишга киришда ҳам ижтимоий етимларга ҳам квота беришни кўриб чиқишимиз керак, чунки ҳозирги вақтда фақат чин етимлар учун квота берилган», — деди Рустам Жўраев.

Сенат раиси Танзила Нарбаева юқоридаги таклифларни қўллаб-қувватлаб, кўпроқ SOS болалар маҳаллалари тажрибасидан фойдаланиш лозимлигини таъкидлади.

Сенатнинг мазкур ялпи мажлисида Рустам Жўраев йиллаб навбатда туриш фуқароларни бола сотиб олишга мажбур қилаётгани ҳақида ҳам гапирган эди.