20 октябрь куни Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор Рустам Жўраев Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари фаолият тўғрисида ахборот берди.

Эслатиб ўтамиз, президент 9 августдаги қарори билан «Меҳрибонлик» уйлари (16 та, 1 541 нафар бола), Болалар шаҳарчалари (4 та, 236 нафар бола), оилавий болалар уйлари (5 та, 46 нафар бола) ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг Болалар уйларини (13 та, 506 нафар бола) Миллий гвардияга бириктирилган эди.

Рустам Жўраевнинг сўзларига кўра, ривожланган давлатлар амалиётида интернат типдаги муассасалар фаолияти анча йиллар олдин бутунлай тугатилган.

«Давлат ва масъул ташкилотлар томонидан етим болаларни оилавий болалар уйларига (foster care, приёмная семья) жойлаштириш ҳамда жуда қисқа муддатларда уларга янги оила топиш чоралари кўрилади», — деди у.

«Бу тизим битирувчиларнинг кейинги шахсий, оилавий ҳаётида ва меҳнат фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган турли муаммолар борасида тутунган ота-оналардан яқиндан ёрдам сўраш, маслаҳатлар олиш билан бирга, ўрталаридаги оилавий муносабатларни умрини охиригача сақлаб қолиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, оиладаги анъананалар ва урф-одатларнинг давом этишига замин яратилади», — деди Миллий гвардия қўмондони.

Таъкидланишича, ўрганишлар даврида болани фарзандликка олиш истагида бўлган ота-оналар жуда кўплиги аниқланган.

«Жумладан, республикада фаолият юритаётган 13 та Болалар уйларида жами 504 нафар бола тарбияланаётган бўлса, уларни фарзандликка олиш учун ҳозирги кунда навбатда 5792 нафар фуқаро турганлигини кўришимиз мумкин», — деди у.

У шунингдек, бола асраб олишдаги муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди.

«Фуқароларни йиллар давомида фарзандликка олувчилар рўйхатида навбатда туришлар, улар томонидан қонуний ҳужжатлар расмийлаштириш жараёнини четлаб ўтиб, ноқонуний йўллар билан бола сотиб олиш даражасига олиб бормоқда», — деди Рустам Жўраев.

Таъкидланишича, 2017−2021 йиллар мобайнида бола савдоси бўйича 206 та жиноий ҳолатлар аниқланган.

Қўмондоннинг сўзларига кўра, Zo‘rTV телеканалида ҳамкорликдаги «Фарзандим жигарбандим» кўрсатуви эфирга узатилгач, фуқароларнинг мурожаатлари кескин ошган.

«Миллий гвардия марказий девонида call center ташкил этишга мажбур бўлдик. Ҳозирда болани фарзандликка олиш масаласида кунига ўртача 53 тадан ортиқ мурожаатлар бўлмоқда. 20 кун ичида жами 1057 нафар фуқаро мурожаат қилди. Уларга маслаҳатлар бериб, тўғри-тўғри муассасалар билан боғлаяпмиз ва назоратга олаяпмиз», — деди у.

Ҳозирги кунда mehribonlik.uz сайти яратилгани ва яқин кунларда тест режимида иш бошлаши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Сенатнинг 19-ялпи мажлисида Оила кодекси ва «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, фарзандликка олиш тартиблари соддалаштирилган эди. Жумладан, унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этиб, жазо муддатини ўтаганларга фарзандликка олиш имконияти яратилганди.