Олий Мажлис Сенатининг 19-ялпи мажлисида Оила кодекси ҳамда «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида"ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутувчи қонун муҳокама қилинди, дея хабар берди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, қонун билан ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ҳамда фарзандликка олишга тўсқинлик қилмайдиган жиноят турларини содир этиб, жазо муддатини ўтаганларга нисбатан фарзандликка ва васийликка олиш имконияти яратилмоқда.

Шунингдек, фарзандликка олишга монелик қиладиган касалликларга чалинган шахслар рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши белгиланди.

Сенат раиси Танзила Нарбаева таъкидлашича, болаларни оилавий муҳитда тарбиялаш орқали уларни жамиятга мослаштириш осонлашади.

«Бола меҳр кўриб, меҳр беришни ўрганади. Бироқ бу фарзандларимизни дуч келган оилага ёки одамга бериш керак дегани эмас. Фарзандликка олувчилар ҳар томонлама, айниқса, маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук бўлишлари шарт. Қонуннинг мақсади шу, аслида», — деди у.

«Ҳозир айрим меҳрибонлик уйлари ёпилиш арфасида, лекин бу рақамлар ортидан қувиш керак дегани эмас. Бизда меҳрибонлик уйи бўлиши керак эмас деб бир пастда оилавий болалар уйлари ташкил қилиб, тўғри келган жойга бериб юбориш нотўғри. Биринчидан, болаларни оилага оладиган оила тайёрми? Ҳар томонлама ўйлаш керак, уларда ота-оналик кўникмаси борми? Болани олишдан олдин болани оилага олаётган фуқароларни тайёрлаш керак эмасми?» — деди Сенат раиси.

Танзила Нарбаеванинг сўзларига кўра, бошқа оилага бериб юборишдан олдин болаларни ҳам тайёрлаш керак, яъни унинг руҳияти билан ишлаш педагоглар билан суҳбатлашиш ва бошқалар. «Шунинг учун ҳар томонлама ўйлаб, етти ўлчаб бир кесган ҳолда болаларни оилавий болалар уйларига ёки фарзадликка беришни таъминлашимиз керак бўлади», — дея таъкидлади у.

«Бу кўчани ремонт қилиш ёки дарахт экиш эмас, бу фарзандлар тақдири, фарзандларнинг юраги, шунинг учун бу ерда хато қилиш умуман мумкин эмас», — қўшимча қилади у.

Сенат раисининг қайд этишича, ушбу қонуннинг асосий мақсади фарзандлар институтларда (меҳрибонлик уйлари, болалар шаҳарчаси) эмас, оила бағрида ўсиши ва вояга етишини таъминлашдан иборат.