Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қуйи палата матбуот хизмати хабар беришича, қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 5 та моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун тайинланадиган жарималар миқдори кескин камайтирилмоқда.

Хусусан, муддати ўтган суғурта полиси ёки суғурта полисида назарда тутилмаган шахс автотранспорт воситасини бошқарганлиги учун жарима миқдори икки бараварга камайтирилмоқда (270 минг сўмдан 135 минг сўмга).

Шунингдек, транспорт воситалари эгалари томонидан суғурта полисини олмаганлик учун жарима фуқароларга икки бараварга (270 минг сўмдан 135 минг сўмга), мансабдор шахсларга эса учдан бир қисмга камайтирилмоқда (810 минг сўмдан 540 минг сўмгача).

Фуқаролар томонидан валюта қийматликларини ноқонуний олиш ёки ўтказиш учун жарима миқдори БҲМнинг 10 бараваридан (2 млн 700 минг сўм) 20 бараваригача (5 млн 400 минг сўм) бўлган миқдор оралиғида белгиланмоқда.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан жарималар миқдори деярли икки бараварга (амалда 1 млн 350 минг сўмдан 2 млн 700 минг сўмгача бўлган, энди таҳминан 675 минг сўмдан 1 млн 350 минг сўмгача) камайтирилмоқда.

Шунингдек, йўловчиларни лицензиясиз ташиш билан шуғулланганлик учун жарима уч бараварга камайтирилмоқда (5 млн 400 минг сўмдан 27 млнгача бўлган жарима эндиликда 1 млн 800 минг сўмдан 9 млнгача).

Фуқаролар томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган, вақтинча ёки доимий рўйхатдан ўтмаган фуқароларни турар-жой биноларида яшашга рухсат берганлик учун жарима миқдорини 735 минг сўм, йил давомида такрорий содир этилган тақдирда 1 млн 225 минг сўм этиб белгилаш таклиф қилинмоқда.

«Депутатларнинг айтишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маъмурий жазолар миқдорининг инсонпарварлик, одиллик тамойилларига мувофиқ равишда камайтирилишига олиб келади», — дейилади хабарда.

Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенат юборилди.