Черногория Ички ишлар вазирлиги инвестицион дастур бўйича мамлакат фуқаролигини олган 166 кишининг рўйхатини эълон қилди.

Ҳужжат «Фуқаролар эркинликлари маркази» нодавлат ташкилотининг мурожаати бўйича эълон қилинган. Жамоатчилик инвестициялар сабабли Черногория фуқаролигини бериш бўйича ижобий қарорлар ҳақида маълумотларни тақдим этишни сўрашган.

Рўйхатга 2020−2021 йилларда мамлакат фуқаролигини олган 48 нафар ариза топширувчилар ва уларнинг 188 нафар оила аъзолари киришган. Уларнинг аксарияти россияликлар ва украиналиклар бўлиб, шунингдек Хитой, АҚШ ва бошқа мамлакатлар фуқаролари ҳам бор.

Фуқароларнинг шахсий маълумотлари яширинган, бироқ уларнинг исмлари ва туғилган жойлари ҳақида маълумот очиқлигича қолдирилган.

Шундай қилиб, рўйхатдагилар орасида Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятида туғилган Юлия Блоцкая ҳам Черногория фуқаролигини олганлиги айтилган.

Черрногория ҳукумати 2019 йилнинг ноябрь ойида «инвестициялар учун фуқаролик» дастурини эълон қилган эди. Тасдиқланган лойиҳага 250 мингдан 450 минг еврогача (ҳудудга қараб) сармоя киритган ва ҳукумат жамғармасига 100 минг евро тўлаган инвестор Черногория паспортига эга бўлиши мумкин.

Европа иттифоқи ушбу «олтин паспортларни» танқид қилганидан сўнг Черногория 2022 йил охиригача ушбу дастурни ёпиш мажбуриятини олди.

Олдинроқ, Буюк Британия 2008 — 2020 йиллар мобайнида 12 нафар ўзбекистонликка «олтин виза» берганлиги маълум бўлган эди. Лекин уларнинг кимлиги ҳақида маълумотлар очиқ эмас.