Буюк Британия 2008 — 2020 йилларда 12 нафар ўзбекистонликка «олтин виза» берган, дейилади коррупцияга қарши курашиш ташкилоти Spotlight On Corruption ҳисоботида. Бунга davletov.uz Telegram-канали эътибор қаратди.

Ташкилот ҳисоботни «Ноқонуний пуллар учун қизил гилам» дея номлаган.

Мазкур виза инвесторларга инвестиция эвазига мамлакатда резидент мақомини олиш имкониятини беради. Бир неча йилдан сўнг, инвестор фуқароликни олишга даъвогар бўлиши мумкин, дея қайд этди Spot. «Олтин виза» нархи тахминан 2 млн фунт стерлингни ташкил қилади.

Ҳисоботга кўра, сўнгги 12 йил ичида «олтин визалар» нинг катта қисми коррупция хавфи юқори бўлган мамлакатлар — Хитой (4106), Россия (2526), Гонконг (692), АҚШ (685), Покистон (283) ва Қозоғистон (278), Ҳиндистон (254) фуқаролари олган.

Уларнинг кимлиги ҳақида маълумот берилмаган, аммо ҳисоботда қозоғистонлик тадбиркор Мадияр Аблязов ва Озарбайжон президентининг қариндоши Иззат Жавадова қайд этилган.

Ҳисоботда 2008 йилдан 2015 йилгача бўлган давр, «кўр-кўрона ишонч» даври деб номланган бўлиб, унда олтин визага даъвогарларга бойлик текшируви ўтказилмаган.

Ушбу даврда берилган барча «олтин визалар» энди Ички ишлар вазирлиги томонидан миллий хавфсизликка таҳдид мавжудлиги бўйича текширилмоқда.

Spotlight On Corruption ушбу механизм Буюк Британия учун миллий хавфсизлик, коррупция ва пул ювишнинг тарқалиши бўйича хавф туғдиради, деб ҳисоблайди.

«Олтин виза» Буюк Британияга иқтисодий фойда келтиришига хизмат қилади. Таъкидланишича, 2008 йилдан буён мазкур режим 6,5 млрд фунт стерлинг инвестиция жалб қилган ва улар Буюк Британиянинг COVID-19`дан кейинги иқтисодиётини йўлга қўйишга ишлатилиши кўзда тутилган.