12 октябрь куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлисини 20 октябрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди, деб хабар бермоқда юқори палата ахборот хизмати.

Ялпида кўриб чиқиладиган қонунлар:

  • «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида"ги;
  • «Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги;
  • «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги;
  • «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги;
  • «Наркологик касалликларга чалинган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги;
  • «Музейлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар киритиш ҳақида"ги.

Бундан ташқари, бош вазир ўринбосарининг етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ногиронлиги бўлган болаларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини яхшилаш юзасидан ахбороти эшитилади.

«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг фаолияти, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг кўп квартирали уй-жойларга хизмат кўрсатиш ҳолати, шу жумладан, бошқарув компанияларининг фаолияти юзасидан ахборотлари тингланиши ҳам режада бор.

Мажлисда Ўзбекистондаги автомобиль йўллари ҳамда сунъий иншоотларнинг ҳолати ва транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлашга доир қонун ҳужжатларининг ижро этилиши, қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасини ривожлантириш учун кўрилаётган чоралар, қолаверса, коронавирус пандемиясидан кейин туризмни тиклаш ва ривожлантириш ҳолати юзасидан ҳукуматга юборилган парламент сўровлари натижалари муҳокама қилинади.

Шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар-жойларида қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш бўйича Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш ва бошқа масалалар кўриб чиқилиши режа қилинган.