Россия ҳукумати Ўзбекистондан 10 минг қурувчини мамлакатга жалб этиш бўйича тажриба лойиҳасини маъқуллади.

РФ ҳукуматининг 6 октябрдаги қарорига кўра, «қурилиш соҳасида хўжалик фаолиятини олиб борувчи Россия юридик шахсларида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун» Ўзбекистон фуқароларини жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Лойиҳада иштирок этувчи ўзбекистонликлар Ўзбекистон ҳудудида суҳбатдан, дактилоскопик рўйхатдан, тиббий текширувдан (ОИВ, атрофдагилар учун хавф туғдирадиган инфекциялар, гиёҳвандлик ёки психотроп моддаларни шифокор тайинловисиз истеъмол қилиш ҳолатлари йўқлиги бўйича), фотосуратга тушиш ва Россияга кириш учун ҳужжатлар текшируви каби жараёнлардан ўтишлари керак.

Бундан ташқари, Россияга жўнаб кетиш учун рус тили, Россия тарихи ва қонунчилик асосларини билиш тўғрисидаги сертификатга ҳам эга бўлиш талаб қилинади.

Коронавирусга қарши «Спутник лайт» (у шу мақсадда Ўзбекистонга етказиб берилади) препарати ёки бошқа вакциналар билан эмланиш ёхуд кетишдан беш ойгача бўлган муддатда касалликни бошдан кечиргарлик тўғрисидаги ҳужжатнинг мавжуд бўлиши ҳам мажбурий талаб ҳисобланади.

Россия қурилиш ва УЙКХ вазири ўринбосари Никита Стасишиннинг маълумқилишича, Қурилиш вазирлиги ўзбекистонлик мухожирларни нафақат турар жойлар қурилиши, балки инфратузилма лойиҳалари, жумладан, «Восточний» космодроми объектларига ҳам жалб қилишни режалаштирмоқда.

«Интерфакс»нинг ёзишича, чегаралар ёпилиб, чет эллик ишчиларни жалб қилиш имконияти йўқолгани сабабли Россияда ишчи кучи тақчиллигини сақланиб қолмоқда. Қурилиш вазирлиги турли даврларда 1,2 дан 5 млн нафаргача ишчи етишмаслигини ҳисоб-китоб қилмоқда.

Москва қурилиш департаменти раҳбари Рафик Загрутдиновнинг чоршанба куни хабар беришича, пойтахтдаги бюджет қурилишларида 60 минг киши меҳнат қилмоқда, бироқ яна 15 минг кишини жалб қилиш белгиланган.

Августда РБК мухожирлар сонининг камлиги кунлик иш ҳақларининг ошишига олиб келганини ёзганэди. Биринчи ярим йилликда уларнинг иш ҳақлари қарийб 25 фоизга ўсган.

Аввалроқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиянинг бир қатор салоҳиятли иш берувчилари томонидан Москва, Санкт-Петербург шаҳарлари, Амур, Новосибирск, Калуга, Тула, Мурманск, Калининград, Москва вилоятлари ҳамда Краснодар ўлкасида Ўзбекистон фуқаролари учун қурулиш соҳасида 10 мингта бўш иш ўринлари таклиф қилинаётгани ҳақида хабар қилган эди.