24 октябрь куни Ўзбекистон президенти сайловлари бўлиб ўтади. Қоидага кўра, сайловчилар асосан доимий яшаш жойлари бўйича сайлов участкаларига бириктирилади ва ўша ерда овоз беришлари керак бўлади. Лекин, турли сабабларга кўра доимий яшаш манзили бўйича истиқомат қилмаётган фуқаролар ўз сайлов участкаларини ўзгартиришлари ҳам мумкин.

«Газета.uz» сайлов участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича қўлланмани эътиборингизга ҳавола этади. Бунинг учун сиз уйингиз ёки иш жойингизни тарк этишингиз шарт эмас. Шунчаки Марказий сайлов комиссияси ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталида йўлга қўйилган хизматга ўтиб, буни амалга оширишингиз мумкин.

Хизматдан фойдаланишда ҳеч қандай ҳужжатлар талаб этилмайди, автоматик тарзда бир зумда маълумотлар тақдим этилади ва хизмат бепул.

Суратларни катталаштириш учун уларнинг устига босинг.

Сайлов участкасини аниқлаш

Буни икки усулда аниқлаш мумкин:

1. Марказий сайлов комиссияси веб-cаҳифаси орқали

Ҳавола орқали ўтсангиз, юқоридаги суратда кўрсатилганидек саҳифа очилади. Участка манзилини аниқлашда фақат паспорт серияси ва рақами, туғилган кун санаси, ой ва йилни киритиш талаб этилади.

Маълумотларни киритганингиздан сўнг, мана бундай саҳифага ўтилади. МСК сайти орқали сайлов участкангиз аниқлашда участка рақами, манзили, телефон рақами ва хаттоки харитада жойлашуви ҳам акс эттирилади.

2. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали

My.gov.uz портали ёрдамида сайлов участкасини аниқлашни истасангиз, сайтнинг Хизматлар бўлимидан «Сайлов участкасини аниқлаш» хизматини танлашингиз лозим.

Ушбу ҳолатда ҳам участкани аниқлашда фақат паспорт серияси ва рақами, туғилган кун санаси, ой ва йилни киритиш сўралади.

МСК сайтидан фарқли ўлароқ, порталда фақат участка рақами ва манзилини билиб олишингиз мумкин. Харита ва телефон рақамлари эса кўрсатилмайди.

Сайлов участкасини алмаштиришга ариза юбориш

Агар Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидаги сайлов участкаси ҳақидаги маълумотлар сизнинг амалдаги доимий ёки вақтинча яшаш жойи манзилингизга тўғри келмаса, у ҳолда сиз махсус сўровномани тўлдириш орқали сайлов участкангизни ўзгартириш бўйича мурожаат юборишингиз мумкин.

Бунинг учун сиз my.gov.uz порталидаги «шахсий кабинет"ингизга киришингиз лозим. Ушбу порталда рўйхатдан ўтмаган бўлсангиз, унда OneID тизими орқали рўйхатдан ўтинг. Ушбу тизимда рўйхатдан ўтиш бўйича саволларга жавобларни қуйидаги ҳаволада олишингиз мумкин.

Шундан сўнг, my.gov.uz порталидаги хизматлар орасидан «Сайлов» бўлимини танлайсиз. Кейинги саҳифада суратдаги каби ҳолат акс этади. Уларнинг орасидан Сайлов участкасини алмаштириш хизматини танлайсиз.

Кейин эса илк қадамда батафсилроқ маълумотлар талаб этилади.

Фамилия, исм ва отангизнинг исми, туғилган санаси, паспорт ёки ID-карта серияси ва рақами, ЖШ ШИР (жисмоний шахсларнинг шахсий идентификацион рақами), телефон рақами киритилади.

Қолаверса, сўровномага сайловчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати (биометрик паспорт ёки идентификация ID-картаси) билан бирга тушган расми илова қилинади.

Шундан сўнг, қатнашадиган ҳудуд, туман ва сайлов участкасини киритишингиз лозим.

Маълумотлар киритилгач, кейинги қадамда телефон рақамингизни тасдиқлаш коди юборилади. Уни киритиб, аризани якунлаш қисмига ўтасиз.

Шундан сўнг, сўровномада кўрсатилган доимий ёки вақтинча яшаш жойи манзилининг кадастр рақамига мувофиқ сизга ўзгартирилаётган сайлов участкаси ҳақидаги маълумот дастлабки тарзда танишиб чиқиш учун кўрсатилади. Маълумотларни яна бир бор текшириб бўлгач, тасдиқлашингиз мумкин.

Сўровнома «UNICON.UZ» ДУК қошида ташкил этилган Call-марказ оператори томонидан 1 иш куни ичида текшириб чиқилади.

Сайлов участкасини ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат натижаси бўйича QR-кодли (матрик штрихли код) маълумотнома ЯИДХПда расмийлаштирилади ҳамда уни электрон шаклда юклаб олиш ва чоп этиш имконияти мавжуд бўлади.

Сайловга беш кундан кам муддат қолганида берилган сўровларни кўриб чиқиш рад этилади.

Сайлов участкангизга ўзгартириш киритилгани ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида биринчи кўрсатилган ҳаволалар (1, 2) бўйича сайлов участкангизни қайтадан текширишингиз ҳам мумкин.

Олдинроқ, «Газета.uz» 14−20 октябрь кунлари сайловда муддатидан олдин овоз бериш мумкинлиги ҳақида хабар бериб, буни қандай амалга ошириш кераклиги ҳақида маълумот берган эди.