Ўзбекистоннинг Кобулдаги элчиси Ёдгорхўжа Шадмонов «Толибон» Афғонистон ташқи ишлар вазири этиб тайинланган Мавлави Амир Хон Моттакий билан учрашди. Бу ҳақдаги хабар 1 октябрь куни афғон ташқи сиёсат маҳкамаси расмий вакили Муҳаммад Наим томонидан Твиттерга жойлаштирилди.

«Учрашув мобайнида томонлар икки томонлама муносабатларни, шунингдек, Мозори Шариф аэропортини реконструкция қилиш ҳамда Тошкент ва Кобул ўртасидаги парвозларни қайта тиклаш масалаларини муҳокама қилишди. Парвозлар бошланиши ҳақида ижобий суҳбат бўлди», — дейилади хабарда.

Унда, шунингдек, Моттаки Ўзбекистоннинг Афғонистондаги дипломатик миссияси раҳбарига миннатдорчилик билдиргани, мамлакатлар ўртасидаги «икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга чақиргани»ни таъкидланади.

17 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги нутқида Афғонистоннинг янги ҳукумати билан мулоқот ўрнатишга чақириб, чет эл банкларидаги афғон активларини қайтаришни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида қилган нутқида «ҳозирги қийин даврда Афғонистоннинг изоляциясига йўл қўймаслик ва уни мавжуд катта муаммолар билан ёлғиз қолдириш керак эмаслигини» маълум қилди. Президентнинг сўзларига кўра, Афғонистон масаласида «БМТнинг ролини кучайтириш керак ва унинг овози ҳар қачонгидан ҳам баландроқ янграши лозим».