26 август куни «Миллий тикланиш» демократик партиясининг навбатдаги Қурултойида партия етакчиси Алишер Қодиров президентликка номзод сифатида ўзининг сайловолди дастури билан таништирган эди.

«Адолат» социал демократик партияси унинг нутқида таажжубга соладиган нуқталар борлигига эътибор қаратди. «Қизиқ, „Адолат“ СДПнинг 2019 йилда тасдиқланган сайловолди дастуридан кўчириб ўзига „байроқ“ қилиб олиш қанчалик мантиққа мос келаркин?», — дейилади унда.

«Адолат» партияси матбуот хизмати бу борада учта раддияни эълон қилди.

Биринчи раддия. Адолат партияси қайд этишича, Алишер Қодиров илгари сурган — фаолият кўрсатаётган жиноий, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий судларни бирлаштириш ғояси Адолатнинг 2019 йилги сайловолди дастуридан кўчирилган.

«Хўш, ҳурматли «Миллий тикланиш» лидери, «Адолат» СДПнинг 2019 йилги сайловолди дастурининг «Ҳуқуқий-ижтимоий давлат қуриш — пировард мақсадимиз» бобида ёзилган: «Судлар тўғрисида"ги қонунни такомиллаштириш орқали фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича туман, шаҳар ва вилоят судлари негизида умумий юрисдикция судлари ташкил қилишни, уларга «халқ судлари» мақомини беришни, вилоят ва унга тенглаштирилган судларга назорат инстанцияси ваколатини юклаш ғоясини илгари сурган ва ҳозирда вилоят миқёсида ҳар тўрттала суднинг бирлаштирилгани, айни пайтда, судларни туманлар кесимида бирлаштириш жараёни кетаётганини билармикин?», — дейилади хабарда.

Иккинчи раддия. Жазони ижро этиш муассасаларини Адлия вазирлигига ўтказиш ғояси.

«Жаноб Алишер Келдиевич ўз сайловолди дастурида «…жазони ижро этиш муаассалари Ички ишлар вазирлигидан Адлия вазирлигига ўтказилади» дея иддао қилди. Ҳолбуки, «Адолат» СДПнинг 2019 йил сайловолди дастурида бу масалани устувор вазифалардан бири сифатида ўз олдига мақсад қилиб қўйган ва бу борада «МТ»дан кўмак олиш ниятида эмас», — дейилади баёнотда.

Учинчи раддия. Мустақил тергов қўмитасини тузиш ғояси ҳам «Адолат»га тегишли эканлиги иддао қилинмоқда.

«Ажабки, ҳурматли А.Қодиров яна ўша ўзининг сайловолди дастурида «…мустақил тергов қўмитаси ташкил этилади» демоқдалар, баралла… «Адолат» СДП бу ташаббусни «МТ»га ҳадя қилган ёки бу борада қатъий позициясидан чекинган эмас», — дея қайд этилган партия матбуот хизмати хабарида.

Мазкур ғоя «Адолат» партиясининг амалдаги сайловолди дастурининг «Ҳуқуқий-ижтимоий давлат қуриш — пировард мақсадимиз» бобида «дастлабки тергов устида назоратни кучайтириш мақсадида, мамлакатда ягона тергов органи — Тергов қўмитасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурамиз» деб акс эттирилган.

Таъкидланишича, кўп партиявийлик тизимида ҳар бир сиёсий партия ўз сўзига эга бўлиши жуда муҳим. «Чунки жамиятда, омма онгида қарашлар турлича бўлиб, халқ шунга ҳамоҳанг равишда ўз сиёсий диди, мақсад-муддаолари акс этган сиёсий кучни қўллаб қувватлайди, ортидан эргашади. Шак-шубҳа йўқки, барчамизнинг мақсадимиз бир — Ватан ободлиги, юрт тинчлиги, эркин ва фаровон ҳаёт. Аммо ана шу мақсадга эришиш учун ҳар биримиз ўзимизга хос йўлни танлаганмиз. Табиийки, йўлини тополмай адашиб юрганлар ҳам бор. Уларга кўмаклашишни бурчимиз, деб биламиз», — дейилади баёнотда.

«Адолат» партиясининг фикрича — «номзод ва „Миллий тикланиш“ ДП номзоднинг сайловолди дастури лойиҳасини ишлаб чиқаётганда, аввало, қайси партиядан номзоди қўйилаётганлигини инобатга олиши ва ушбу партиянинг сайловолди дастуридаги устувор вазифаларни илгари суриши лозим».

Қолаверса, «Миллий тикланиш» ва номзод ўзига рақиб саналган бошқа партияларнинг сайловолди дастуридан етарлича хабардор бўлиши кераклиги эслатиб ўтилган.

«Эҳтимол сайловга янгича ғоялар билан кирамиз деган умиддадир, аммо бу „Адолат“ СДПнинг ғояларини очиқдан-очиқ ўғирласа бўлаверади, дегани эмас-ку. Бизга дўстона мурожаат қилишса, бир дунё „теша тегмаган“ ғояларимиз бор, бажонидил, ўртоқлашамиз. Лекин, очиқдан-очиқ бировнинг ғоясини ўзиники қилиб олиш сиёсий куч обрўсига тўғри келмас-ов», — дейилади хабарда.

«Адолат» партияси матбуот хизматининг ушбу раддиясига «Миллий тикланиш» партияси марказий кенгаши ходими жавоб қайтарди.

У «заиф бир сиёсий бирлик „Адолат“ деб номланса, у жамиятда адолатни таъминловчи ягона кучга айланиб қолмайди», деган сўзлар билан бошланган.

«Алишер Қодировнинг дастурида судларни бирлаштириш ҳақида умуман гапирилмаган. „Адолатнинг кўзи кўр бўлади“ деганда „Адолат“ партияси назарда тутилганмикан?. Дастурда Халқ қабулхоналарини Маъмурий судлар тизимига қўшиб юбориш ёки уларнинг негизида бепул юридик маслаҳатхоналар ташкил қилиш таклиф қилинган» — дейилади муносабатда.

Тергов қўмитасини тузиш ва Жазони ижро этиш муассасаларини Адлия вазирлигига ўтказиш ғоялари «Миллий тикланиш» демократик партиясининг 2020−2024 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурига киритилгани айтилган.

«Ким ғоя ўғриси, бир ўрганиб кўриш керак?! Аввалги тизимда, яъни дастурларни „кимлардир“ ёзиб берадиган даврларда „…бу ғоя адолатчиларга кўпроқ тўғри келаркан, суд-ҳуқуқ уларнинг мавзуси“ деб, „Адолат“ СДПнинг камсуқум, қармоққа илинадиган нарсаси йўқ дастурини жонлантириш учун кўчириб қўйилган бўлиб чиқмаса эди», — дейилган хабарда.

Бу ғоялар учун «Миллий тикланиш» раиси қамоқхоналарга кириб, вазирликлар билан «жанжаллашиб» юргани тилга олинган.

«Қамоқхоналарда китоб ва газета нашриётларининг фаолиятини йўлга қўйиш бўйича Скандинавия мамлакатларининг тажрибаси, озодликдан маҳрум қилинганларнинг айрим тоифаларида эксперимент тариқасида ўқиган китобининг ҳажми ва уққанлик даражасидан келиб чиқиб, жазо муддатини қисқартириш бўйича Жанубий Америка давлатларининг тажрибаси бўйича бўлаётган муҳокамалар «Миллий тикланиш»га оид, адолат нуқтаи назаридан «Адолат»га бериб туришимиз ёки ҳамкорлик қилишимиз мумкин, албатта», — дея киноя қилинади хабарда.

Муносабат давомида адолатчиларнинг сиёсий савиясига ҳам шубҳа билан қаралган.

«Президентликка даъвогар мамлакатдаги долзарб муаммоларни бошқа партиянинг масаласи, деб ёндашадими? Партиянинг қарашларига зид бўлмаган барча мавзуларда ўз ечимларини таклиф қилишдек табиий нима бор? Дастур ва ташаббусларга «Адолат"часига ёндашилса, Президентликка номзодини сўнгги бўлиб тасдиқлайдиган партия номзодининг дастурида кўчирилмаган нима бўлади?», — дейилади унда.

«Адолат синмайди, лекин ўйламасдан гапираверса, „Адолат“ синади», — дея якунланган баёнот.

Маълумот ўрнида, «Миллий тикланиш» ДПнинг 26 августдаги Қурултойида Алишер Қодиров президентликка номзод сифатида кўрсатилган эди.

«Адолат» СДПнинг Қурултойи эса ҳануз ўтказилгани йўқ ва партиядан кўрсатилиши кутилаётган номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг сайловолди дастури расман эълон қилинмади. «Газета.uz»га партия матбуот хизмати хабар беришича, Қурултой 8 сентябрь куни бўлиб ўтади.