ДХХ томонидан «Туркистон ислом ҳаракати» («ТИҲ») халқаро террористик ташкилоти аъзоси, Ўзбекистон ҳудудида ўта оғир жиноятлар содир этган «Ю.Ж.» хорижда ушланди. 23 йилдан буён қидирувда бўлган фуқаро Ўзбекистонга олиб келинди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Қайд этилишича, 1969 йил Тошкент вилоятида туғилган ушбу шахс 1998 йилнинг бошларида Чеченистонга бориб, иорданиялик Амир Хаттоб томонидан ташкил қилинган жангарилар лагерида махсус тайёргарликдан ўтган ва ўша йилнинг охирларида Афғонистондаги «ТИҲ» халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилган.

Маълумотга кўра, 1999 йилнинг январь ойида ташкилот етакчиларининг кўрсатмаси билан у айланма йўллар орқали Тошкент шаҳрига келиб, бадавлат одамларнинг уйларида босқинчиликларни амалга оширган ҳамда уларнинг пул ва қимматбаҳо буюмларини ўзлаштириб, Афғонистондаги «ТИҲ» етакчиларига юборган.

Мазкур шахс 1999 йилнинг 16 февраль ва 30 март кунлари Тошкент шаҳрида амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларида иштирок этгани гумон қилинган.

Бундан ташқари, 1998−2006 йилларда хорижий давлатлардаги халқаро террористик ташкилотлар сафида жанговар ҳаракатларда ҳам иштирок этган.

Ҳозирда унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

1999 йил 16 февралда Тошкентда, шу жумладан Мустақиллик майдонидаги ҳукумат биноси яқинида бир қатор кучли портлашлар содир бўлган. Расмий маълумотларга кўра, 13 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳат олган. Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов терактнинг диний экстремистлар томонидан уюштирилгани, уларнинг мақсадларидан бири унинг ҳаётига суиқасд уюштиришдан иборат бўлганини таъкидлаган эди.