«Ўзсувтаъминот» АЖ ахборот хизмати расмий баёнотига кўра, январь-август ойларида «Ўзсувтаъминот» АЖ ва унинг ҳудудий масъулияти чекланган жамиятлари (МЧЖ) томонидан марказлашган ичимлик суви таъминоти тармоқлари ва оқова сув тизимларига 2798 та ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланган. Энг кўп ноқонуний уланиш ҳолатлари Хоразм вилоятида (600 та), Тошкент вилоятида (518 та) ва Тошкент шаҳрида (423 та) қайд этилган.

Маълум қилинишича, Тошкент ва Самарқанд вилоятларининг айрим ҳудудларига хизмат кўрсатувчи «Мусаффо оби ҳаёт», «Дамхўжа сув таъминоти» ва «Чимён-Чорбоғ сув таъминоти» МЧЖлари томонидан жами 34 та ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланган.

Мазкур қонунбузарликлар оқибатида давлат бюджетига жами 8,4 млрд сўмлик зарар етказилган.

«Бундан ташқари, „Ўзсувтаъминот“ АЖ ва унинг ҳудудий МЧЖлари томонидан республика бўйича 3342 та жисмоний ва юридик истеъмолчилар жами 11,6 млрд сўм миқдорида қарздорлик мавжудлиги сабабли сув таъминоти тармоғидан узиб қўйилган. Шундан 1889 таси Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келади», — дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, жисмоний ва юридик шахслар томонидан сув таъминоти тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда сув таъминоти ва канализация тармоқларидан қарздорлик сабаб тармоқдан узилиш ҳолатлари юзасидан 6120 та истеъмолчилар томонидан жами 34 млрд сўмлик етказилган зарарни ундириш бўйича иқтисодий ва фуқаролик судларига тегишли ҳужжатлар тақдим этилган.

Тошкент шаҳрида аниқланган сув таъминоти тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда қарздорлик туфайли тармоқдан узилиш ҳолатларининг 90%и юридик шахслар ҳиссасига тўғри келганлиги айтилмоқда. Тошкент ва Хоразм вилоятларида эса аксинча, бу турдаги қонун бузилиши ҳолатларининг аксарияти жисмоний шахслар томонидан амалга оширилган.