Республика «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган президент сайловлари бўйича телефон орқали сўровнинг тўртинчи босқичи натижаларини эълон қилди. Сўров 30 августдан 10 сентябргача ўтказилган бўлиб, унда республиканинг барча ҳудудлари аҳолиси қатнашган.

«Сиз мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётини кузатиб борасизми» деган саволга аксарият фуқаролар ижобий жавоб бердилар, шулардан 47,9% респондентлар мамлакатда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар билан доимий равишда, 40,2% сўралганлар эса вақти-вақти билан қизиқади.

Тадқиқотни ўтказиш вақтида 91,8% ўзбекистонликлар президент сайловлари бўлиб ўтишидан хабардор эди. Сўров натижаларининг таҳлили сайловолди кампаниясининг боришини сўралганларнинг ярмидан сал кўпроғи — 60,5% кузатиб боришларини кўрсатди.

Телефон сўрови давомида аниқланишича, 71,2% респондентлар учун сайловолди кампаниясининг бориши ва бўлажак сайловда овоз беришга тайёргарлик ҳақидаги ахборотнинг энг оммабоп манбаси Ўзбекистон давлат телевидениеси ҳисобланади. Ушбу рейтингда интернет иккинчи ўринда бўлди, 46,5% сўров иштирокчилари бўлажак сайлов янгиликлари билан интернет орқали танишадилар. 32,8% респондентлар учун сайловолди кампаниясининг бориши ҳақидаги асосий ахборот манбаси мамлакат нодавлат телевидениеси каналлари ҳисобланади.

Сўров натижалари таҳлили шуни кўрсатдики, жамоатчилик фикрида сайловолди жараёнининг бевосита иштирокчилари ўртасидаги очиқ телемунозаралар президентликка номзодларнинг сиёсий дастурлари ҳақида маълумот олишнинг энг жозибали шакли ҳисобланади. Ушбу фикрга телефон сўровининг 46,5% иштирокчилари қўшилишди. 21,7% респондентлар номзодларнинг ишончли вакиллари иштирокидаги ток-шоуларга қизиқиш билдирди. Сўров иштирокчилари уларга мустақил экспертлар, олимлар, таҳлилчиларнинг бўлажак сиёсий воқеа ҳамда номзодлар ва уларнинг сиёсий устуворликлари ҳақидаги фикрлари, шунингдек, номзодларнинг сайловчилар билан бевосита учрашувлари қизиқарли эканлигини таъкидладилар.

Сўров иштирокчиларининг аксарияти — 87,4 фоизи учун навбатдаги президентлик муддати давомида «мамлакатни бошқаришни кимга ишониб топширишни исташларини шахсан ҳал қилишлари устувор ҳисобланади», дейилади «Ижтимоий фикр» натижаларида.

Шу билан бирга сўров иштирокчилари тадқиқот давомида номзодларнинг сайловолди дастурлари билан тўлиқ танишишга ҳали улгурмаганликлари, уларнинг дастурий мақсад ва вазифалари ҳақида фақат умумий тасаввурга эга эканлигини таъкидладилар.

«Ўзбекистонликлар учун овоз бериш мамлакат, жамият, ҳар бир фуқаро ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа ҳисобланади, улар мазкур воқеани мамлакатда демократик, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, тинчлик ва барқарорликни сақлаш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини модернизациялаш ва либераллаштириш, Ўзбекистон халқларининг фаровонлигини ошириш жараёнлари билан боғлайдилар», — дейилади марказ хабарида.

Сўровнинг олдинги, учинчи босқичи 29 июлдан 13 августгача ўтказилган.