21 сентябрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) администратори Саманта Пауэр билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва USAID ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Афғонистондаги вазият ва мамлакатда гуманитар инқирознинг олдини олиш бўйича зарур ёрдам кўрсатишнинг аҳамияти хусусида фикр алмашилди.

Шунингдек, мамлакатда соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги дастурларни амалга ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, Ўзбекистоннинг COVID-19`га қарши курашини қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорликни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди.

USAID хабарига кўра, Абдулазиз Камилов ва Саманта Пауэр бир ой ичида бўлиб ўтадиган «Ўзбекистонда эркин ва адолатли президентлик сайловларининг аҳамиятини муҳокама қилдилар».

Аввалроқ, USAID маъмури Саманта Пауэр Ўзбекистонга ташриф буюриши ҳақидаги режаларини маълум қилган эди. Унинг таъкидлашича, АҚШ президент Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон» ҳақидаги қарашларини олқишлайди.